Брюсселда Ўрта йўлакни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Брюсселда Ўрта йўлакни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Қозоғистон ва Европа Иттифоқи Ўрта йўлакни ривожлантиришга катта эътибор беряпти. Европа ва халқаро ташкилотлар вакиллари, мамлакатимиз транспорт компаниялари инфратузилмаларни модернизация қилиш, рақамлаштириш, ўтказиш қувватини ошириш, Европа тармоқлари билан интеграция қилишга урғу беряпти. Брюсселдаги учрашув қатнашчилари таъкидлашича, Транскаспий йўлаги Қозоғистон ва минтақа учун асосий лойиҳа. Айни вақтда, унинг ер юзасидан ўтадиган қисмининг 80 фоизи мамлакатимизга тўғри келади. 2025 йилда бу йўналиш орқали 5 миллион тонна юк ташилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 125 та контейнер поезди жўнатилди, апрель ойида эса рекорд кўрсаткич — Хитойдан бир кунда олтита состав чиқарилди.


Годфрид Смит, Европа юк жўнатувчилар кенгаши Бош котиби:


- Қозоғистон — Ўрта йўлакдаги асосий ўйинчи ва Марказий Осиё учун жуда муҳим иқтисод. Шунинг учун товар экспорти ва импорти ҳар иккала томон учун муҳим, уни таъминлаш зарур. Ўрта йўлак ўзига хос тинчлик йўлаги. У бугунги кунда Ҳўрмуз кўрфазида кузатилаётган муаммоларга муқобил бўла олади. Келажакка айни шундай қараш муҳим.


Рақамлаштириш ҳам ривожланяпти. Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия юк ташиш ва юкларни онлайн кузатишни мувофиқлаштириш бўйича фаолиятини бирлаштирди. Йил охиригача мамлакатимиз ва Озарбайжон Каспий денгизи тубидан 380 километрли оптик толали алоқа линияси ўтказиш ниятида. Лойиҳа Европа ва Осиё ўртасида кучли рақамли йўлак яратади.


Пьер Боргольтц, FERRMED Европа транспорт ҳамжамияти маслаҳат кенгаши аъзоси:


- Қозоғистон  Хитой билан бирга қитъалараро юк ташишда катта ўрин тутади. Йўналиш ичида ишлар маромида, мамлакат уни фаол ривожлантиряпти. Шунингдек, рақобатбардош ва экологик барқарор «яшил йўлак» яратиш жуда муҳим.


Таъкидлаш лозимики, Ўрта йўлак «Global Gateway — Глобал дарвоза» Европа стратегияси билан фаол интеграция қилиняпти. Бир йилда 600 тадан мингтагача контейнер поезди ўтказиш мўлжалланган. Бу эса Қозоғистоннинг Евроосиёдаги асосий транзит ва логистика хаби сифатида аҳамиятини оширади.


Абдумалик Сарманов таржимаси