Қозоғистон ва и
Япония муносабатлари фаол ривожланяпти. Элчи Ясумаса Ииджима таъкидлашича, мамлакатлар
табиий захиралар, транзит ва гуманитар алмашинувлар каби ўта муҳим соҳаларда
алоқаларни мустаҳкамлаяпти. Логистика соҳасидаги ҳамкорликка катта эътибор
бериляпти. Бунда «Ўрта» йўлакнинг аҳамияти катта. Япония мазкур лойиҳани
ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Дипломат таъкидлашича, давлатлар
ўртасида ҳамкорлик бу билан чекланмайди.
Ясумаса Ииджима,
Япониянинг Қозоғистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Ўтган йили 10 мингтача
виза берилганди, жорий йилда улар сони яна эллик фоизга ошиши кутиляпти. Ҳар
йили Астана ва Алматида ўтказиладиган япон тилини ўрганиш даражасини кўрсатувчи
имтиҳон иштирокчилари сони мисли кўрилмаган даражада ортди. Шунингдек,
мамлакатингизда япон анимеси ва мангаси оммалашяпти, улар қозоқ тилига таржима
қилиняпти. Элчихона япон маданияти билан боғлиқ тадбирларни ривожлантиришда
давом этиш ниятида. Кенг жамоатчилик бунга қизиқиши ва қўллаб-қувватлашидан
умидвормиз.
Қозоғистон ва
Япония ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган. Бугунги кунда икки
давлат иқтисод соҳасида фаол ҳамкорлик қиляпти. Жорий йилда ўзаро савдо
айланмаси бир миллиард уч юз миллион долларни ташкил қилди. Мамлакатимиз асосан
ферроқотишмалар, тантал, қайта ишланмаган алюминий ва қатор кимё, қишлоқ
хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади. Япониядан электрогенератор ускуналари,
автомобиллар ва маиший техника келтирилади. Илм-фан соҳасида ҳамкорлик янги
даражага кўтариляпти.
Серик Мейрманов,
Ritsumeikan Осиё-Тинч океани университети вице-президенти:
- Қозоғистон ва
Япония ўртасида академик мобиллик бўйича алмашинувлар жуда кўп. Бу сафар Қозоғистон
делегациеяси билан Олий таълим ва фан вазири Саясат Нурбек ҳам келади.
Университетимиз Қозоғистон Олий таълим ва фан вазирлиги билан шартнома тузиши
кутиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

