Бош вазир амалий сафар билан Ақтўбе вилоятида бўлди

Бош вазир амалий сафар билан Ақтўбе вилоятида бўлди

Мамлакат Бош вазири Ақтўбе вилоятига қилган амалий сафари мобайнида Президент Мактубидаги вазифалар рўёби қандай бораётганини ўрганди. Хусусан, Ҳукумат раҳбари Бадамша қишлоғидаги бир қатор объектлар мисолида энергетика секторидаги инфратузилмавий масалалар ечими билан танишди. Ўлжас Бектеновга «Бадамша» ва «Бадамша-2» шамол электр станциялари фаолияти борасида ҳисобот берилди. Лойиҳаларни амалга ошириш учун 69 миллиард тенге миқдорида хусусий инвестиция йўналтирилган. Айтиш керак, бугунги кунда мазкур турбиналар Қозоғистонда энг йириги ҳисобланади. Лойиҳа доирасида йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш 195 ГВт/соатни ташкил қилади. Бош вазир таъкидлагани каби, Қозоғистонда «яшил» энергия улуши 6 фоизга тенг. Республика энергетика секторининг 70 фоизини таъминлайдиган кўмир станцияларининг катта қисми эскирган. Мамлакатимизнинг энергетик барқарорлиги учун муқобил манба керак. Халқ референдумда АЭС қурилишини қўллаб-қувватлайдиган бўлса, атом энергетикасини ривожлантириш Қозоғистонни барқарор ва тоза энергия билан таъминлаш учун замин ҳозирлайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси