Қозоғистон кулоллари Бишкекдаги Керамистлар халқаро симпозиумида қатнашди. Ижодкорлар ўзига хос техникаларини намойиш этишди, Ўзбекистон, Озарбайжон, Беларусь, Россия ва Жанубий Кореядан келган усталар билан тажриба алмашишди. Профессионаллар ва декоратив-амалий санъат ҳаваскорлари янги ғоя ва йўналишларни муҳокама қилишди. Қатор мастер-класслар ўтказишди, энг яхши ишларини намойиш қилишди. Ташкилотчилар фикрича, анжуман глобаллашиш даврида халқ ҳунарларини оммалаштириш ва маданий меросни сақлаб қолишга хизмат қилади.
Сиймиқ Бўлўтбекуулу, кулолчилик санъати устаси:
- Агар кўзанинг бўғзи кичкина бўлса – одатда у декоратив мақсадларда ишлатилади, чунки бундай идишга суюқлик қуйиш осон эмас. Бўғзи кенг бўлса – кундалик турмушда турли мақсадда ишлатиш мумкин. Бундай шакл уни тўлдириш ва бўшатишни осонлаштиради, интерьернинг чиройли элементи бўлгани ҳолда кундалик турмушда қўлланиладиган ажойиб буюмга айланади.
Сон Ингил, кулолчилик санъати устаси /Жанубий Корея/:
- Мен бу майдончада ўз ишларимни намойиш қилиш билан бирга Жанубий Корея услубида сопол буюмлар тайёрлаш бўйича қимматли тажрибамни тақдим этишни ҳам истардим. Бу йўналиш ишлатиладиган техникаси, шакли ва деталларга алоҳида эътибор берилиши билан муҳим. Корейс керамикаси нафислиги, нозиклиги, нақшлар ва битиклар билан бериладиган чуқур мазмуни билан ажралиб туради.
Усталарнинг таъкидлашича, бугунги кунда сопол идишларга эътибор ортиб боряпти. Бренд яратиш, ҳар бирини миллий орнаментлар билан безатиш, ўзига хос интерьер буюмлари сифатида тақдим этишда қўл келади. Кафе, ресторан ва отеллар уларни декор элементлари сифатида буюртма беришади. Бутун дунёда анъаналар шинавандалари кулоллик буюмларини юқори баҳолайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

