Марказий Осиёда ягона ахборот майдони пайдо бўлиши мумкин. Минтақавий кооперация интернет ривожланиши ортидан жадал кўпайиб кетган фейкларга қарши курашда қўл келиши мумкин. КАЗНЕТ ҳудудида йилига камида 150 та сохта янгилик аниқланади. Астанада бўлиб ўтаётган биринчи минтақа медиафорумида шу масала муҳокама қилинди.
Дархан Қидирали, Қозоғистон Республикаси ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазири:
- Баъзи компаниялар Қозоғистонга киришга тайёр. Анимация, сериаллар, ахборот сайтлари яратиш бўйича қўшма лойиҳалар мавжуд. Менимча, форумда ягона медиамайдон бунёд этиш бўйича аниқ қадамлар қўйилади.
Экспертлар медиафорумда минтақавий ўхшашликни аниқлаш, саноатда сунъий интеллект технологиялари қўлланиши, медиада аёллар роли, бутун бошли авлоддунёқарашини шакллантираётган ижтимоий медиа масалаларини муҳокама қилмоқда. Тадбирда 100 нафардан зиёд таклиф этилган спикерлар қатнашяпти. Улар орасида таниқли сиёсатчилар, маҳаллий ва хорижий журналистлар, медиаменежерлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари бор.
Эрнист Уметалиев, youtube-лойиҳа асосчиси:
- Ҳамма нарсада бошланиш, юксалиш ва поёнига етиш бор. Яъни энг қизиқарли қисм охирида бўлади. Давр ўзгарган, энг муҳим нарсани биринчи бўлиб тақдим этишга тўғри келади. Одамларни авж нуқтада тутиб туриш зарур, бу эса осон эмас.
Абдулла Гул, Туркиянинг 11-президенти:
- Сунъий интеллект ва катта маълумотлар туфайли оммавий ахборот воситалари янги технологияларда устунликка эришган, бусиз бугунги кунни тасаввур қилиш қийин. Биз бу технологияларни жамият фойдаси учун ишлатамиз. Ҳуқуқбузарлик ва кибержиноятга йўл қўймаймиз. Ижтимоий тармоқларда зиддиятларни кучайтириш, ёлғон хабарлар тарқатишга қарши курашишимиз керак.
Абдумалик Сарманов таржимаси