Яна бир рейс амалга оширилди. Украинадан олиб чиқилган фуқаролар ўтирган самолёт Алматига келиб қўнди. Авиакомпания берган маълумотга кўра, лайнерда 56 нафар юртдошимиз бор, Украинанинг 32 нафар, Польшанинг бир нафар фуқароси, жами 89 киши учиб келган.
Татьяна Митус, репатриация рейси йўловчиси:
- Нималардир учади, снарядлар портлайди. Қўрқинчли. Бугун қизим юборган хатга кўра, биз чиқиб кетган ҳудуд бомбардимон қилинган. Охирги рейсга илиндик, дейиш мумкин. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига, элчихонага, элчиларга раҳмат.
Николай Акижанов, репатриация рейси йўловчиси:
- Мени ва рафиқамни меҳмонхонага жойлаштиришди. Егулик билан таъминландик. Кейинги куни Польшага жўнатилдик. Жойлашиб олдик. Уч кун яхши шароитда яшадик. Элчихонадаги қозоқ биродарларга раҳмат. Ҳаммангизга ташаккур. Ўзим қозоқман, шу ерда туғилганман. Бегона эмасман.
Украинадаги элчихона берган расмий маълумотга кўра, 18 нафар қозоғистонлик Мариуполда, яна уч юртдошимиз Харьковдаги эвакуация пунктида, биттаси Сумада қолиб кетган. Эвакуация бошланганидан буён дипломатларимиз саккиз юздан кўпроқ юртдошимизни Украинадан олиб чиқишга ёрдам берди. 726 нафари Польшага, қолгани Молдова, Руминия, Венгрия ва Словакияга жўнатилди. Украинадаги элчихона орқали қозоғистонликларга тегишли 57 та юк машинасидан 51 таси олиб чиқилган. Қолганларга ёрдам кўрсатиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси