Дунёнинг турли давлатларида Гулнар Қасимни яхши танишади. Дизайнер эндиликда миллий қадриятларимизни жаҳон бўйлаб тарғиб қилишга бел боғлаган. Қозоқ нақшлари туширилган коллекциялари нуфузли халқаро мода анжуманларида намойиш этилади. Ишим янада авж олишига пандемия тўғаноқ бўляпти, дейди чевар.
Гулнар Қасим, дизайнер:
- Жаҳон кўргазмаси бўлиб ўтди. Миландаги бу анжуманга ёш тадбиркор сифатида қатнашдим. Ўшанда Мадридда иш юритаётган тадбиркорлар коллекциямизга харидор бўлди. Талаб бор. Шанель, Диор, Пьер Карден кабилар ҳам миллий нақшларимиздан фойдаланган. Турли намойишларда бизнинг орнаментларни кўриш мумкин. Шунинг учун ҳам уларнинг бизга муносабати яхши.
Гулнар Қасимнинг замонавий услубга мослаштирилган миллий либосларини замонавий ёшлардан тортиб, сочига оқ оралаган бувиларгача кияди. Энг муҳими, унинг ижод намуналарида нақшлар асл кўринишидаги каби сақланган. Дизайнер миллий орнаментлар ва урф-одатлардан илҳом олишини айтади.
Гулнар Қасим, дизайнер:
- Бувим, янгаларим, опаларим бизга намат босишни ўргатган. Мен бугунги кунда ўзим тиккан чопонларга бувиларимиз барқут буюмларга тиккан орнаментларни танладим. Мана, ўзингиз кўриб турганингиздек, замонавий кўринишдаги либослар тикдим. Камзулга нақш туширишнинг ҳам ўз усуллари бор. Ҳар бир нақшда ўзига хос мазмун мавжуд. Қўшқармуйиз мувозанат ва қуёш нурини билдиради. Бошқаларининг ҳам ўз мазмунига эга.
Ҳозир Гулнар Қасим апрель ойида Тароз шаҳрида бўлиб ўтадиган мода ҳафталигига янги коллекциясини тақдим этиш ҳаракатида. «Тумар» деб аталган тўплам қозоқ миллий либосларини тарғиб қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси