Астанага инвестиция оқими ошмоқда

Астанага инвестиция оқими ошмоқда

Қозоғистон пойтахтига сармоя киритиш ўсишда давом этяпти. Кейинги уч йил мобайнида Астанага киритилган инвестициянинг умумий ҳажми 3 ярим триллион тенгедан ошган. 2023 йилнинг 9 ойида эса кўрсаткичлар рекорд даражага етиб, 960 миллиард тенгени ташкил қилган. Бу 2022 йилнинг айни шу даврига солиштирганда, 105 фоизга кўп. Хориждан сармоя жалб қилишда ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Йил аввалидан буён унинг улуши 794 миллион долларга етган, ўсиш деярли 80 фоизга тенг. Умуман, кейинги уч йилда 4 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтирилган. Таъкидлаймиз, Астана иқтисодиётнинг нохомашё секторига инвестиция жалб этишда 2-ўринни, асосий капитал борасида эса 3-ўринни эгаллайди. Бизнес аксар ҳолларда логистика ва қурилиш соҳасига сармоя киритади. Пойтахтимизда капитал оқими учун қулай инвестиция иқлими сақланиб қолмоқда. «Астанани ривожлантириш маркази» ягона ойна тамойили асосида тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиб келяпти.

Ерлан Ержанов, Астанани ривожлантириш маркази бошқарув раиси ўринбосари:
 - Жорий йилнинг март ойидан бошлаб, биз ҳокимият томонидан инвестиция жалб қилиш борасида минтақавий ташкилот сифатида белгиландик. Бизнинг асосий вазифамиз инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш босқичида кузатиб бориш, шунингдек, инвесторлар давлат органлари билан ўзаро алоқа боғлашини осонлаштирамиз. Давлат кўмаги чора-тадбирлари бўйича маслаҳат берамиз, шу билан бирга, сармоядорга рухсат этувчи ҳужжатларни олишда кўмаклашамиз. Компанияларимизнинг умумий портфелида 170 та инвестициявий лойиҳа мавжуд бўлиб, жами суммаси 1,7 триллион тенгени ташкил қилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.