Қозоғистон транспорт-логистика
бозори тобора кўпроқ жаҳон ўйинчиларини ўзига жалб этяпти. Ҳар йили
ўтказиладиган Translogistica
Kazakhstan кўргазмасида рўйхатдан ўтган компаниялар сони ортиб бораётгани ҳам шундан далолат беради. Майдончада 25 йилдан буён
транспорт компаниялари, юк эгалари, хизмат кўрсатувчилар, соҳа корхоналари
мутахассислари янги алоқалар боғлаш ва тажриба алмашиш учун тўпланади. Жорий
йилда унда МДҲ, Яқин Шарқ ва Европа давлатларидан 200 дан зиёд компания иштирок
этяпти.
Борис Даниленко, Кўргазма компанияси директори, кўргазма ташкилотчиси:
- Биз кўп сонли Қозоғистон компаниялари, шу жумладан, омборлар, транспорт-логистика марказлари эгаларини кўришдан мамнунмиз. Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, жорий йилда Қозоғистон кўргазмасига хорижлик ҳамкорлар, компаниялар катта эъьтибор беряпти. Иштирокчиларнинг ярмидан кўпроғини Қозоғистон орқали юк ташиш, етказиб бериш билан шуғулланувчи компаниялар ташкил қилади. Катта тадбиркорлик дастури бор, 3 кун ичида транспортнинг барча соҳаларига оид 4 та конференция ўтказилади.
Соҳалардан бири –
кема қатнови. Кўргазмада Қозоғистон миллий денгиз юк ташувчиси ўз салоҳиятини
намойиш қилди. «Казмортрансфлот» Каспий денгизи орқали хорижга турли, шу
жумладан, контейнерлар, қуруқ юклар ва дон ташиш билан шуғулланади. Бу портлар
эса Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг
муҳим ҳалқаси ҳисобланади. Қозоғистон 2030 йилга
бориб денгиз дарвозалари орқали ташилаётган контейнерлар ҳажмини 10 миллион
тоннага етказиш ниятида.
Еркин Ниғметов, «Казмортрансфлот»
компанияси тижорат директори:
- Жорий йилда рекорд даража кузатилди,
авваллари Ақтау порти орқали ойига ўртача 2 минг контейнер жўнатилса, ҳозир биз
бу кўрсаткични 7 минг контейнерга етказдик. Улар Боку портига олиб
кетилади. Денгиз логистикаси фаол
ривожланяпти, чунки экспорт қилинадиган контейнер юклари ортяпти. Ҳозир дон
ташиш кенгайиб боряпти. Нефть ташиляпти. Чунки Қозоғистон бошқа давлатлар
орқали ўтадиган йўлларнинг муқобилларини ҳам ривожлантиряпти,
Абдумалик Сарманов таржимаси