Конларни ўзлаштиришдан тўлиқ цикл яратишгача. Қозоғистон Америка Қўшма штатлари билан ҳамкорлиги доирасида шундай ёндашувни ривожлантиришни таклиф қилмоқда. Гап ўта муҳим минераллар соҳасида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, қайта ишлаш ва юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек, саноат кластерларини ривожлантириш ҳақида кетяпти. Қўшма илмий-тадқиқот ва инжиниринг марказларини очиш, муҳандис ва техник кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган. Бу ҳақда Қозоғистон саноат ва қурилиш вазири Астанада Марказий Осиё давлатлари иштирокида ўтказилган ўта муҳим минераллар бўйича «C5+1» йиғилишида маълум қилди. Ерсайин Нағаспаев жаҳон бозорларига уларни таҳликасиз етказиб бериш учун Ўрта йўлакнинг транспорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш ҳам эътибор марказида эканлигини таъкидлади. Давлат органлари, халқаро ташкилотлар, бизнес ва экспертлар ҳамжамияти вакилларидан бўлган мулоқот иштирокчилари янги инвестиция лойиҳалари ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги саноат ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Эслатамиз, Қозоғистонда 9,5 мингтадан зиёд қазилма конлари мавжуд, уларнинг 100 тадан кўпроғида ноёб ва ноёб-ер металлари бор.
Ерсайин
Нағаспаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва
қурилиш вазири:
- Қозоғистон хомашё экспортигина эмас, қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, технологиялар трансфери, малакали кадрлар тайёрлаш ва илмий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан ҳам манфаатдор. Ишончим комилки, фақат давлатлар, бизнес ва халқаро ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали муҳим минералларни глобал етказиб беришнинг барқарор ва диверсификацияланган тизимини шакллантириш мумкин. Мулоқотимиз Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги бўлажак ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратишига ишонаман.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

