ШҲТ саммити арафасида Астана шаҳрида қатор учрашувлар бўлиб ўтиши кутиляпти. 19-20 июнь кунлари видеоконференц алоқа форматида ШҲТ давлатлари фан ва техника бўйича вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, транспорт вазирлари учрашади. Бу тадбир Қозоғистон таклифи билан рўёбга чиқариляпти. Унда илмий-техник ўзаро алоқалар, портлар ва логистика марказларини ривожлантириш концепцияси муҳокама қилинади. Бундан ташқари, 20 июнь куни Астанада Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ёшлар кенгаши йиғилиши ўтказилади. Унда бугунги кунда етарлича долзарблик касб этган жуда муҳим масала – экология соҳасида ёшлар пешқадамлиги муҳокама қилинади. 21 июнь куни Қозоғистон пойтахтида ШҲТ давлатлари энергетика вазирлари йиғилиши ўтказилади.
Айбек Смадияров, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили:
– Энергетика вазирликлари «2030 йилгача бўлган даврда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида энергетик ҳамкорлик стратегияси»ни кўриб чиқади. Бу ҳужжат Қозоғистон ташаббуси билан ишлаб чиқилди. Делегация раҳбарлари ташкилот доирасида энергетик ҳамкорликни ривожлантиришга стратегик ёндашувларни муҳокама қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.