Астана шаҳрида, соҳилбўйида Қозоғистон ва Франция фоторассомлари қоллаборацияси туфайли юзага келган кўргазма очилди. У яқинда бошланадиган Париждаги Паралимпиада ўйинларига бағишланган. Турли спорт турлари бўйича чемпионларнинг портретлари туширилган 50 тача фотокартина намойиш қилиняпти. Тасвирдагиларнинг баъзилари 28 августдан 8 сентябргача Францияда бўлиб ўтадиган беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Дидье Канесс, Франциянинг Қозоғистондаги элчиси:
– Кўргазма икки нафар фотографнинг ижод маҳсули. Улардан бири – француз суратчиси Дидье Эшлар. Иккинчиси – қозоғистонлик Ўспан Али. Бу ерда паралимпиада атлетлари портретлари галереяси жамланган. Парижда 4 минг 500 нафар паралимпиада атлети тўпланади, улар 22 спорт тури бўйича беллашади. Бу кўргазма маданий тадбирлар дастурига киритилади, у йил давомида ўтказилади. Жорий йилда Олимпиада ўйинларига эътибор қаратдик, лекин яна бир қанча тадбирлар бор.
Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон Париждаги Паралимпиада ўйинларига 21 лицензия олишга муваффақ бўлган. Улардан бири – параканоист қиз Жанил Балтабаевага насиб этди. Бунга у Венгрияда бўлиб ўтган каноэда эшкак эшиш бўйича дунё чемпионатида эришди. Ҳозир спортчи муҳим беллашувларга фаол ҳозирланяпти.
Жанил Балтабаева, Ханчжоу - 2022 Осиё ўйинлари бронза совриндори, 2023 йилги Осиё чемпиони,:
– Мен аввало Яратувчининг ёрдамига, сўнгра тренеримга, ўзимга ишонаман. Ҳаммаси яхши бўлишига имоним комил. Кечагина Польшадан қайтиб келдим, у ерда об-ҳаво мос, шамол айнан чап томондан эсади. 30-40 кун шуғулландим, Парижга йўл олгунимизча яна Польшадаги спортчилар йиғинида бўламан.
Таъкидлаш лозимки, Туризм ва спорт вазирлиги, Франциянинг Қозоғистондаги элчихонаси ёрдамида ташкил қилинган фотокўргазма 14 августгача давом этади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.