Астанада Оролни қутқариш бўйича ҳужжатлар имзоланди

Астанада Оролни қутқариш бўйича ҳужжатлар имзоланди

Ақўрдада Қозоғистон Президенти раислигида Оролни қутқариш халқаро жамғармасига муассис давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев унинг Марказий Осиёдаги экологик масалаларни ҳал этиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришга қаратилган ягона институтлашган майдонча эканлигини кўрсатиб ўтди. Орол муаммоси аллақачон глобал даражага чиққан. Минтақа давлатлари ҳамжиҳатликда сув ҳавзаси қуриши туфайли пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилишга интиляпти. Қўшма фаолият денгизнинг шимолий қисмида экотизим тикланиши каби ижобий натижалар бера бошлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Денгиздаги сув ҳажми 18,9 куб километрдан 23,5 куб километргача ортиши балиқ хўжалиги ўсишига, Орол соҳилидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга ижобий таъсирини кўрсатди. Бетакрор табиий ва илмий объект – ушбу ҳудудни барқарор ривожлантириш модели бўла оладиган «Орол» геопарки бунёд этилди. Лойиҳадан асосий мақсад – Орол денгизи табиий-экологик ва тарихий меросини сақлаб қолиш. Объектни в  ЮНЕСКОнинг Глобал геопарклар тармоғига киритиш бўйича иш олиб бориляпти. Шу тариқа, Қозоғистон Президенти раислиги Жамғарма самарадорлигини оширишга хизмат қилди.

Лекин экологик таҳдидлар суръати кўрилаётган чора-тадбирлар кўламидан баланд. Ёз ойлари тобора қуруқлашяпти, музликлар эриши жадаллашяпти, қум бўронлари кучайиб боряпти. Атмосферага ҳар йили ўн миллионлаб тонна туз, қум, турли кимёвий зарралар кўтариляпти. Чорловлар ўзгариши Жамғарма фаолияти механизмини такомиллаштириш, сув соҳасида минтақавий кооперацияни кенгайтиришни талаб қилади, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Қозоғистон Президенти Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида ягона автоматлашган мониторинг тизими яратишни таклиф қилди. У маълумотлар шаффоф ва аниқ бўлишини таъминлайди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қозоғистон ва Ўзбекистон Сирдарё ҳавзасидаги ўнлаб участкаларни автоматлаштиришга киришди. Биз бу тажрибани Орол денгизи ҳавзаси даражасида кенгайтиришимиз мумкин. Жамғарманинг институциявий ривожланиши ҳам муҳим. Бу жараён бир оз чўзилиб кетди, деб ҳисоблайман. Биринчи навбатдаги чора-тадбирлар сифатида Давлатлараро энергетика комиссияси утзиш мумкин. Амалиёт шуни кўрсатадики, энергетика соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш мамлакатларимизни сув билан барқарор таъминлаш учун ҳам муҳим.

Жамғарма бугунги кунда Орол денгизини сақлаб қолиш бўйича ҳаракатларни қўллаб-қувватлаяпти. Хорижий ташкилотлар ёрдамида 30 тадан зиёд, жами икки миллиард доллар молияга эга лойиҳалар рўёбга чиқариляпти. Лекин бу билан чекланиш ярамайди. Қозоғистон Президенти мазкур йўналишда қўшма ишларни фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратди. Марказий Осиё давлатлари етакчилари ҳам ўз таклифларини баён қилди. Саммит якунларига кўра, давлат раҳбарлари 4 та якуний ҳужжатни имзолади. Шу жумладан, 26 мартни Орол денгизи, Амударё ва Сирдарё куни, деб эълон қилинди.

Абдумалик Сарманов таржимаси