Астанада «Опералия» фестивали очилди

Астанада «Опералия» фестивали очилди

Мамлакатнинг бош театр майдончасида «Опералия» фестивали бошланди. Унда қатнашиш учун «Астана Опера»га 12 мамлакат вакиллари ташриф буюрди. Улар қаторида Арманистон, Италия, Болгария, Монголия, Хитой, Жанубий Корея, Германия ва Марказий Осиё давлатларидан таклиф этилган дирижёрлар, яккахонлар, мусиқачилар бор. Бир ой давомида пойтахт аҳли премьералар ва машҳур постановкалар, камерали мусиқа ва симфоник оркестр концертлари, ШҲТ давлатлари яккахонлари иштирокида гала-опера, шунингдек, 4 та гранд-опера ва қатор балет постановкаларини томоша қилади. Учта балет спектакллари фестиваль очилишида намойиш қилинди.

Алтинай Асилмуратова, «Астана опера» балет труппаси бадиий раҳбари, россияда хизмат кўрсатган артист:

- Бунда фақат балет санъати эмас, опера, мусиқа дурдоналари ҳам намойиш этилади, таклиф этилганлар жуда кўп. Фестиваль айнан балет билан очилиши бизни қувонтиради, яъни учта бир актли балетлар – ажойиб хореограф Иржи Килианнинг дурдоналари намойиш этилади. Менимча, бу жуда яхши ғоя, чунки ҳамиша ҳам бирданига уч ажойиб асарни бир саҳнада томоша қила олмайсиз. Астанада эса имкони бор. “Астана Балет”нинг  репертуарида «Қулаган фаришталар», шунингдек, яқинда қўйилган яна икки балет: «Кичкина ажал» ва «Олти рақс» бор. Томошабинларга завқ бера олишимиздан бахтлимиз.

Таъкидлаш лозимки, «Опералия» фестивали «Астана Опера»нинг 10-юбилей мавсумида ўтяпти. «Опералия» 16 июль куни маэстро Алан Бўрибаевнинг симфоник мусиқа концерти билан якунланади.

Алан Бўрибаев, «Астана опера» бош дирижёри, қозоғистон республикасида хизмат кўрсатган арбоб:

- Вердининг иккита операси – «Дон Карлос»  ва «Аида» намойиш этилади. Россинининг «Итальянкалар Жазоирда» асари премьераси янгилик, чунки у раритет опера, анча кам ижро этилади. Ваҳоланки, уни ҳам Россини ёзган.  16 июлда бўладиган концертга эътиборингизни қаратмоқчиман. Симфоник концерт фестиваль доирасида ўтади ва мавсумни якунлайди. Биз биринчи марта симфоник сюита – Ахмет ва Ғазиза Жубанованинг «Қурманғази» операсини ижро этамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси