Астанада «Марказий Осиё-Хитой» халқаро медиафоруми бўлиб ўтди. Тадбир йирик Хитой нашри - «Жэнь мин жибао» томонидан Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиомажмуаси билан биргаликда ташкил этилган. Унда минтақа давлатлари ва Осмоностидан келган 200 дан зиёд масс-медиа вакиллари, сиёсатчи, эксперт ва аналитиклар иштирок этди. Таъкидлангани каби, медиа алмашинуви – муносабатларнинг
муҳим қисми ва ОАВ ҳамкорликнинг янги шакллари топиши зарур. Айниқса, ахборот технологиялари ривожланган ҳозирги
пайтда.
Раушан Қажибаева, Қозоғистон Республикаси
Президенти Телерадиомажмуаси директори:
- «Ягона макон, ягона йўл» лойиҳаси — фақатгина инфратузилма ва иқтисодиёт
дегани эмас. Бу — марказида инсониятнинг муштарак тақдири ғояси турган фалсафа.
Ва бу ғоя айниқса бизга яқин. Биз — Буюк Ипак йўли меросхўрларимиз, бугун
маҳсулотлар эмас, ғоялар, моҳият ва ишонч алоқалари ҳақида сўз юритилаётгани
бежиз эмас. Зеро, давлатлараро чинакам яқинлик инсоний англашув ва ўзаро
манфаатдан бошланади. Бу жараёнларда ОАВ ролини етарлича баҳолаш керак.
«Жэнь минь жибао» газетаси бош муҳаррир ўринбосари Фан
Цзяньшань уқтириб ўтганидек, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой икки тарафлама
даражада муштарак тақдирлар ҳамжамияти барпо этилишини расман маълум қилди.
Фан Цзяньшань, «Жэнь минь жибао»
газетаси бош муҳаррир ўринбосари:
- Муштарак тақдирли инсоният ҳамжамияти ғояси аста-секин
глобал консенсус ва умумий қадриятга айланиб, кучли ҳаракатга айланиб бормоқда. Бу концепция минтақани ҳам
икки томонлама, ҳам кўп томонлама қамраб олган дастлабки ҳолатдир. Минтақанинг
тўлиқ қамраб олиниши қатъийликни, тарафлар ҳамкорликнинг янада юксакроқ босқичи
ва сифатига интилаётганини акс эттиради.
Абдумалик Сарманов таржимаси

