Астанада Марказий Осиё давлатлари вазирлари конференцияси ўтказилди

Келгуси ҳафтада Бокуда бўлиб ўтадиган БМТнинг СОР-29 – конференциясида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурига кўра иқлим ўзгариши борасидаги фаолият режаси тақдим этилади. Ташкилотнинг Астанада бўлиб ўтаётган 23-вазирлар конференциясида шундай баёнот берилди. Жорий йилда у минтақавий энергетика хавфсизлиги ва иқлим ўзгариши муаммоларига бағишланган. Унинг ишида ташкилот аъзолари, ҳамкорлари ва Осиё Тараққиёт банки вакиллари қатнашди. Банк Марказий Осиё минтақасида «яшил лойиҳа»ларни ривожлантириш бўйича Корея ва Хитой билан траст жамғармаси ташкил этиш тўғрисида шартнома тузди. Икки давлат 5 миллион доллардан маблағ киритади. Қозоғистон ташкилот аъзоси сифатида минтақавий иқлим лойиҳалари учун бу маблағдан фойдалана олади.  

Лазиза Сабирова, Осиё Тараққиёт банки Ҳамкорлик ва интеграция минтақавий бўлими раҳбари: 

- Бу фақат бошланиши, буни Seed money деб атаймиз. Биз барқарорлик, иқлим ўзгариши, яшиллик, декарбонлаш томон йўналтирилган грант маблағлари топиш учун кўплаб донорларга мурожаат этамиз. Бизнинг, яъни Осиё Тараққиёт банкининг вазифаси барча аъзоларни, давлатларни, Осиё Тараққиёт банки аъзоси бўлган ривожланаётган мамлакатларни 2030 йилгача 100 миллиард долларга молиялаштиришдан иборат. 

Абдумалик Сарманов таржимаси