Астанада Қозоғистон
Президенти ва Иордания қироли иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Тадбирга икки
давлат тадбиркорлари қатнашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, мазкур форум
икки томонлама ҳамкорликнинг янги саҳифасини очади. Бугунги кунда Қозоғистон
минтақанинг энг йирик иқтисоди бўлиб қоляпти. Жорий йилда малмакат ялпи ички
маҳсулоти 6 фоизга ўсди. Республика транзит-транспорт салоҳиятини фаол
ривожлантиряпти. Қозоғистон орқали ўн иккита халқаро йўлак ўтган, бу эса
мамлакатнинг Евроосиёдаги стратегик логистик хаб сифатида мавқеини
мустаҳкамлайди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз халқаро
транспорт йўналишлари, шу жумладан, Ўрта йўлак ва «Шимол – Жануб» йўлагини
ривожлантиряпмиз. Ақтау ва Қуриқ портлари Каспий денгизи орқали юк транзитида
асосий ўрин тутади. Ўтган йили Қуриқ портида йилига 1 миллион тонна дон ўтказа
олувчи терминални ишга туширдик. Бундан ташқари, Ақтауда йилига 240 мингта
контейнер ўтказадиган контейнер хабини қурдик. Шунингдек, Акаба порти стратегик
салоҳиятини оширишда бирга ишлашга тайёрмиз.
Қозоғистон ва
Иордания ўртасида агробизнесда ҳамкорлик салоҳияти катталигига Давлат
раҳбарининг ишончи комил. Мамлакатимиз дунёнинг илғор дон экспортчилари
ўнлигига киради. Ҳар йили Қозоғистон 10 миллион тонна буғдой, 2 миллион тонна
ун етказиб беради.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мамлакатимиз
Иорданияга юқори сифатли, органик, ҳалол ва экологимувозанатлашган қишлоқ
хўжалик маҳсулоти етказиб бериш учун барча имкониятларга эга. Биз Aljazeera
Agricultural компаниясининг Қозоғистонда парранда фабрикаси қуриш ташаббусини
қўллаб-қувватлаймиз. Бу лойиҳа қишлоқ хўжалик соҳасида давлатларимиз ўртасида ҳамкорликни
мустаҳкамлаш йўлидаги аниқ қадам бўлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев
ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида атом энергетикаси,
рақамлаштириш ва фармацевтика саноатини кўрсатиб ўтди. Дори-дармонлар соҳасида
икки томон катта муваффақиятларга эришган. Иордания 85 давлатга маҳсулот
экспорт қилади. Қозоғистон ҳам препаратлар ва ускуналар чиқаришда
муваффақиятларга эришяпти. Давлат раҳбари QazBioPharm ва Иорданиянинг DADvet
компаниялари Яқин Шарқ ва бизнинг минтақага вакциналарни биргаликда экспорт
қилиш режасини маъқуллади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

