Астанада Қозоғистон халқи ассамблеясининг ХХХІV сессияси ўтказилди

Астанада Қозоғистон халқи ассамблеясининг ХХХІV сессияси ўтказилди

Дунёда беқарорлик кузатилаётган даврда бирлик ғояси ўта муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун Қозоғистон халқи ассамблеяси каби ташкилотнинг аҳамияти нақадар юксаклигини унутмаслик керак. ҚХА тенглик ва тотувлик тимсолига айланди. Қозоғистонда у қатор ташкилотлар тармоғидир. Ҳозир уни ижтимоий тотувлик инфратузилмаси, дейиш мумкин. У орқали Қозоғистонда мавжуд барча этнос вакиллари ўзгаришларда иштирок этяпти. Давлат раҳбари Қозоғистон халқи ассамблеясининг 34-сессиясида шу ҳақда гапирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев қатнашчиларни ҚХАнинг 30 йиллиги билан табриклади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида ассамблея бунёдкорлик имкониятларига эга бўлди. Сенатнинг беш нафар депутати ҚХА тавсиясига кўра Президент томонидан тайинланади. Шу тариқа, мамлакатдаги барча этнослар манфаатларини қонунчилик даражасида тақдим этиш имкониятлари анча кенгайди. Бундан ташқари, Қозоғистон парламенти тарихида биринчи марта ижтимоий тотувликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланувчи «Бир эл – бир мақсад» палаталараро депутатлик гуруҳи шаклланди.


Бундан ташқари, ҚХАнинг 12 нафар аъзоси Миллий қурултой таркибига кирди. Барча минтақаларда Дўстлик уйи очилган, уларда минглаб этномаданий бирлашмалар фаолият юритяпти. Умуман олганда, ассамблея қошида тўрт мингтадан зиёд жамоат ташкилоти бор. Ўтган йили ассамблея минтақаларда 15 мингта тадбир ўтказди. Уларда бир миллионга яқин одам қатнашди. Қозоғистон Президенти таъкидлагани каби, ассамблея жамиятни жипслаштириш ва миллий ўзликни мустаҳкамлаш воситаси бўлиб қоляпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев ҚХАнинг 2026-2030 йиллар учун ривожланиш концепцияси яратиш лозимлигини таъкидлади. Миллат бирлигини мустаҳкамлаш учун давлат ва жамият механизмлари такомиллаштирилиши лозим.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


– Ассамблея минтақаларда фаолиятини кучайтириши керак. Ўтган йили мамлакатимиз тарихий-маънавий маркази – Туркистон шаҳрида Дўстлик уйи иш бошлади. Шу каби масканлар аҳоли зич яшайдиган Алмати вилоятида ҳам очилиши лозим. Шу тариқа, минтақанинг яна битта муҳим жамоат маркази ишлай бошлайди. Ассамблея турли миллатлар яшайдиган Қўрдай, Уйғур, Сайрам, Панфилов ва бошқа туманларда фаол бўлиши лозим. Тегишли орган раҳбарлари ва ҳокимлар ассамблеянинг этномедиация соҳасидаги фаолиятини қўллаб қувватлаши, «Эл бўлиш ва тотувлик» лойиҳаси яқин икки йил ичида мамлакат миқёсида иш юритиши зарур.

Президент ахборот майдони бирлик ва тотувлик мавзуси зарурлигини таъкидлади. Турли этнослар тилидаги матбуотга ёрдам беришни топширди. «Бирлик хилма-хилликда» тамойили асосида маданият ва санъатни ривожлантиришни топширди. ҚХАнинг 30 йиллиги доирасидаДавқлат раҳбари тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўлидаги хизматлар учун давлат мукофотлари топширди.


Абдумалик Сарманов таржимаси