«Астана Балет» Женевадаги улкан маданият маркази саҳнасида қозоқ миллий ва замонавий хореография саҳнасининг энг яхши постановкаларини намойиш этади. Пойтахт театри жамоаси Мустақиллик куни Швейцарияга гастролга боради. Альберт Алонсонинг машҳур «Кармен-сюита» спектакли, бир актли «Тақдир арқонлари» балети ва «Буюк Дашт мероси» гала-концерти намойиш этилади. Дастурдан ўрин олган барча постановкалар визуал-бадиий эффектлари, ёрқин декорациялари ва ажойиб костюмлари билан ажралиб туради.
Нурлан Канетов,
«Астана Балет» театри бадиий раҳбари:
- Швейцария гастролларига
тайёрланар эканмиз, дунё томошабинларини лол қолдирадиган қандай яхши
нарсаларни Женева шаҳри аҳлига тақдим эта олишимиз ҳақида ўйладик. Ва шунда Альберто
Алонсонинг машҳур «Кармен-сюита» спектаклини танладик. Бундан ташқари, биз хореографларимиз
яратган ижодий маҳсулотни тақдим этиш ниятидамиз. Чунки гастроллар аввало
тажриба, маданий анъаналарни алмашиш имконияти. Шу жиҳатдан олганда, Женева ижодий
жиҳатдан биз учун мутлақо янги шаҳар. Донғи кетган маданият марказида рақс
тушиш ҳаяжонли ва масъулиятли иш. Балет ҳамда оркестримиз артистлари швейцарияликлар
қалбини забт этишига ишонаман.
Таъкидлаш лозимки,
«Астана Балет» труппаси жаҳоннинг кўплаб нуфузли саҳналарида ижодини намойиш
этган. Қозоғистонлик артистлар Хитой, Франция, Австрия, Корея Республикаси,
Венгрия, Озарбайжон, АҚШ, Япония, Польшада томошабин эътирофини қозонди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.