Астана ҳарбий парадга тайёрланмоқда

Астана ҳарбий парадга тайёрланмоқда

Қозоғистон пойтахти яқинида улкан дала лагери очилди. Бу ерга Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад иштирокчилари тайёргарлик кўриш учун етиб келди. Ҳарбийлар ҳар куни машғулот ўтказяпти. Плацда шахдам қадамлар билан ҳаракатланяпти. Парадда 4 мингта ҳарбий хизматчи қатнашади. Шундан 200 нафари аёллар. Иштирокчилар профессионал тайёргарлиги, сафда ҳаракатланиш малакаси, жисмоний аҳволига кўра сараланди.

Мереке Кучекбаев Қозоғистон Республикаси Қуролли кучлари Қуруқлик қўшинлари бош қўмондони:

– Энг муносиб, профессионал тайёрланган, жисмоний бақувват ҳарбий хизматчилар келди. Уларнинг бўйи ҳам ҳисобга олинди. Биринчи босқичда тарихий колонна асосий майдондан мамлакатимиз ҳудудида шаклланган дивизия, бригада ва полклар жанговар байроғини ҳилпиратиб ўтади. Иккинчи босқичда — замонавий қўшинларимиз, учинчисида эса ҳаво кучлари намойиш қилинади.

Бундан ташқари, парадда 300 тадан зиёд замонавий ва номи афсоналарга уланиб кетган жанговар машиналар қатнашади. Барча икир-чикирлар ҳисобга олинади. Колонна бошида тарихий жангларда қатнашган Т-34 совет танки ўтади. Ортидан Т-72, занжирли БМП-2, артиллерия ва махсус транспорт ҳаракатланади. Механика ремонт пунктида ҳар бир техника бирлиги текширилади, двигатель, электроника, қуроллар кўздан кечирилади.

Дала лагерида 200 тадан зиёд чодир бор. Хўжалик таъминот пунктлари, дала ҳаммомлари, дала госпитали ва ошхона ишлаб турибди. Шу ерда миллий таомлар ҳам пиширилади. Бир сўз билан айтганда, ҳарбийлар учун ўтиши кутилаётган ажойиб тадбирга кўнгилдагидек тайёрланиш мақсадида имкон қадар шарт-шароит яратилган.

Дмитрий Макаров Ғалаба паради қатнашчиси, ҳарбий хизматчи:

– Бу ерда ҳамма нарса бор. Жиҳозланган чодирлар, иситгичлар, иккита печка ўрнатилган. Тонгги 6 да оёққа турамиз, нонуштадан кейин либослар, қуролларни оламиз ва тушгача машғулотлар ўтказамиз. Тушликдан кейин ҳам шуғулланамиз. Бўш вақт ҳам бор. Гитара, дўмбира, шашка, тўғизқумалақ, китоблар бор.

Ҳарбий парад 7 май куни Астанадаги «Қозоқ эли» монументи қошида ўтади.

Абдумалик Сарманов таржимаси