Ашхабатда Махтумқулининг 300 йиллигига кўргазма ўтказиляпти

Туркманистон Давлат музейида декоратив-амалий санъат кўргазмаси ўтказиляпти. У мамлакат маданий ҳаётига катта таъсир кўрсатган буюк шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллигига бағишланган. «Замонавий санъат асарлари уйғунлиги» экспозицияси республиканинг бой тарихий мероси, анъаналарини ўзида акс эттирган. Унда картиналар, ҳайкаллар, заргарлик буюмлари, ўймакорлик ва ҳунармандчилик намуналари тақдим этилган. Экспозициянинг ўзига хос жиҳати шундаки, ундаги барча асарлар – музей ходимларининг замонавий нигоҳини кўрсатувчи ижод маҳсули. Эслатамиз, ТУРКСЎЙ халқаро ташкилоти 2024 йилни Махтумқули Фироғий йили деб эълон қилди, унинг юбилейи биргаликда нишонланиши учун ЮНЕСКОнинг аҳамиятли саналари рўйхатига киритилди.

Ўғулширин Жепарова, Туркманистон Давлат маданият маркази мутахассиси:

– Кўргазма учун бирор нарса тикиб берасанми, деб сўрашганида бажонуди розилик бердим. Бу нарса мен учун жуда қизиқарли эди. Енгига туширилган нақшлар жуда кўп вақтимни олди. Улар либоснинг бошқа қисмларига нисбатан анча кўп. Ранги, ўлчамлари билангина эмас, жойлашиши билан ҳам фарқ қилади. Илк марта шундай ғаройиб нақшлар чиқардим.

Ғурбанмухаммат Байрамов, Туркманистон Давлат маданият маркази катта мутахассиси:

– Бир йил давомида картина чизиш билан машғул бўлдим. Унда кичкина қизчани тасвирладим. У орқали мусаффо ва ёрқин дунёда яшаётган ёш авлодни кўрсатиб беришга интилдим. Бу ишимни кўпчилик томоша қилаётгани мен учун қувончли. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.