Алматида X «Baiqonyr» дебют ва қисқа метражли кино халқаро кинофестивали очилди. Танловга юзлаб фильмлар тақдим этилди, уларнинг энг яхшилари саралаб олинди. Дебют тўла метражли киноларга Россия, Ўзбекистон, Грузия, Тожикистоннинг 5 та картинаси кирди. Ташкилотчилар таъкидлашича, турли мамлакатлардан келган хилма-хил ленталар анжуман чегараларини кенгайтиради, ёш режиссёрлар салоҳиятини оширади. Кинофорум Ольга Коротьконинг «Чигирткалар, марҳамат» фильми билан бошланди. Картина — Қозоғистон ва Франциянинг қўшма маҳсулоти.
Ержан Жумабеков, киношунос, Baiqonyr кинофестивали дастур директори:
– Фестивалга жами 800 та ижодий иш тушган. Уларнинг ичидан 100 тасини саралаб олдик. «BAIQONYR» фестивали доирасида улар энг яхши фильм, сценарий, режиссура ва бошқа номинациялар бўйича баҳоланади.
Ануар Кенжибаев, Baiqonyr кинофестивали президенти:
- «BAIQONYR» доирасида янги лойиҳа – Алмати сериаллар фестивали иш бошлади. Унинг очилишида Адильхан Ержановнинг «Қозоқларнинг қўрқинчли эртаклари» намойиш этилади… Бу анжумандаги энг ёрқин воқеа бўлса эҳтимол. Шунингдек, 4-Алмати МДҲ мамлакатлари киношунос ва кинотанқидчилар форуми ўтказилади. Жуда ўзига хос, дунёда тенги йўқ воқеа.
Фестиваль доирасида Critics Lab ижодий лабораторияси очилади. унда талабалар рецензия ёзиш, кадрларни таҳлил қилиш, интервьюни ўрганади. Шунингдек, танлов намойишлари, лекциялар, мастер-класслар режалаштирилган. «BAIQONYR» 26 сентябргача давом этади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

