Жаҳоннинг исталган нуқтасидан туриб ўсимликларни бошқариш мумкин. Алмати вилоятида Қозоғистон илмий-тадқиқот аграр университети қошида смарт-иссиқхона очилди. У инновациявий корей технологияларига асосланган. Иссиқхона тўла автоматлаштирилган: тизим бинони шамоллатади, ерни суғоради, ўғит солади, вентиляторларни ишга туширади. Смарт технологиялар йилига 450 тонна ҳосил олиш имкониятини беради. Бу эса одатдаги кўрсаткичлардан 150 тоннага кўп. Унда талабалар, магистрлар ва PhD докторлари назарий билимларини амалиётга боғлайди. Хусусий хўжаликлар соҳиблари учун ҳам бу ерда дарслар ташкил қилинади.
Ербўл Қарашукеев, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:
- Умуман олганда, Қозоғистонда бугунги кунда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ёпиқ тартибда ишловчи иссиқхоналар қуриш тобора оммалашиб боряпти. Агросаноат мажмуасига ушбу технологиялар билан бевосита ишлаган талабалар, мутахассислар керак. Янгидан ташкил этилган замонавий иссиқхона жуда зарур. Қозоғистон таълим даргоҳларига тегишли малакага эга тегишли мутахассисларни тайёрлаш имконияти, деб ҳисоблайман.
Ким Жон Ку, Корея Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги департаменти директори:
- Биз иссиқхонани энг янги технологик ишланмалар билан жиҳозладик. Умид қиламанки, у Қозоғистон фанига ҳам, қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам ижобий таъсирини кўрсатади. Шахсан мен учун эса у мамлакатларимиз ўртасида тадбиркорлик ва дўстлик алоқаларини кенгайтириш имконити. Агарда шундай мажмуалар тармоғини кенгайтирсак, Қозоғистон сабзавотлар импортини тўхтатади ва ҳатто экспорт қилади. Жуда катта ҳажмда.
Таъкидлаш лозимки, инновацион иссиқхона қуриш тўғрисида шартнома икки йил муқаддам, Қозоғистон-Корея бизнес-форумида имзоланганди. Икки давлат янги қишлоқ хўжалик технологиялари борасида ҳамкорлик қилиш ниятини билдирган.
Абдумалик Сарманов таржимаси