Таъкидлаш лозимки, Давлат раҳбарига сайловда ғалаба қозонган «Аманат» партияси Алихан Смаилов номзодини тақдим этган, Мажилис кўпчилик овоз билан бунга розилик билдирган. Мажилис пленар йиғилишида Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукумат фаолиятининг асосий йўналишларини кўрсатиб ўтди. Уларнинг асосий қисми иқтисодий муаммоларни ҳал этиш ва рақобатбардош иқтисодиёт барпо этишга қаратилган. Президент Ҳукумат қаршисида турган вазифалардан бири сифатида ялпи ички маҳсулот йил сайин барқарор, камида 4 фоизга ўсишини таъминлаш эканлигини таъкидлади. Айни вақтда, инфляцияни жиловлаш керак. Жорий йилда унинг ўсиш суръати камида икки марта пасайиши зарур. Давлат раҳбари озиқ-овқат маҳсулотлари нархини тартибга келтириш, агросаноат мажмуасига ёрдам кўрсатиш ва ички бозорни маҳаллий маҳсулот билан бойитишга чақирди. Вазирлар Маҳкамаси маъмурий ислоҳотни охирига етказиши, бюрократик тўсиқларни камайтириши лозим. Бунинг учун давлат идоралари иши қайта кўриб чиқилади ва модернизация қилинади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳукумат маъмурий ислоҳотни давом эттириши ва бюрократияни минимал даражага тушириши керак. Давлат органлари топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариши камлиқ қилади. Иқтисодиёт ўсишини таъминловчи янги ташаббусларни илгари суриш, ғоялар билдан чиқиш зарур. Вазирлар ва ҳокимлар ишини баҳолашда уларнинг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатига алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, жамиятнинг давлатга ишончини ошириш ҳам муҳимлигича қолмоқда. Жамоатчилик ҳокимиятнинг ўзгаришларга тайёрлигини кўриши лозим. Бир сўз билан айтганда, «тингловчи давлат»ни амалда шакллантириш керак.
Ўз навбатида, Алихан Смаилов бизнесни қўллаб-қувватлаш, нохомашё товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишловчи соҳаларга инвестиция жалб этиш, халқаро йўлакларни кенгайтириш устувор йўналишлардан бўлишини баён этди. Бош вазир халқ вакиллари ва Ҳукумат олдига қўйилган вазифаларни бажара олишига ишонч билдирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси