Ақтау яқинида Озарбайжон авиалайнери ҳалокатга учради

Ақтау яқинида Озарбайжон авиалайнери ҳалокатга учради

Қосим-Жўмарт Тўқаев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга, мамлакат халқига, шунингдек, Ақтау яқинидаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор қилди. Давлат раҳбари телеграммада Озарбайжон авиалиниясига тегишли ҳаво кемаси йўловчилари ва экипажи ҳалокати ҳақидаги фожиали хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига кўра, Қозоғистонда давлат комиссияси тузилди. У самолёт қулаши сабабларини ўрганади ва ҳалок бўлганлар, жабрланган оилаларига ёрдам кўрсатади. Эслатамиз, ушбу авиалайнер Бокудан Грознийга  рейсни амалга ошираётганди. Унинг бортида 67 киши, жумладан,  5 нафар экипаж аъзоси бўлган. Улар Озарбайжон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари. Фожиа сабаби қушлар галаси билан тўқнашув ва бошқарув йўқотилгани, деб тахмин қилинмоқда.


Асет Жилқайдаров, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш қўмитаси бошқарма бошлиғи:


- Астана шаҳри Қўмондонлик маркази ва Манғистау вилояти ФВДда қайноқ линия телефон рақамлари ишлаб турпбди, ҳозирга қадар 296 та қўнғироқ бўлди. Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар рўйхати тузилмоқда. Ақтау шаҳрига Озарбайжон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири етиб келган.


Маълум қилинишича, 29 киши тирик қолган, шундан икки нафари болалар. Улар барчаси зудлик билан шифохонага етказилган, турли даражадаги оғир ҳолатда. Астана ва Ақтауда жабрланганлар учун қон тўплаш ишлари давом этяпти. Бундан ташқари, Қозоғистон президенти топшириғига кўра, Ақтауга пойтахтдан санитария авиацияси борти етиб келди.


Бекбўлат Избасаров, Манғистау вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари:


– Барча зарур тиббий кўмак тўла ҳажмда кўрсатилади. Вилоятдаги бутун тез тиббий ёрдам таркиби ишга тушган.


Мамлакат ФВВ маълумотларига кўра, воқеа жойига 400 дан зиёд қутқарувчи ва 80 га яқин техника бирлиги, шунингдек, 20 дан ортиқ тез тиббий ёрдам бригадаси жалб этилган.  Ҳалокат бўйича жиноий иш қўзғатилган, у мамлакат Бош прокуратурасининг алоҳида назоратида турибди. Республика ҳукумати  ишни ҳар тарафлама ўрганишда Озарбайжон билан ҳамкорлик қилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси