Қозоғистонда яна бир давлат резервати - «Бўкей Ўрда» ишга тушади. Унда турна, тувалоқ, оқ думли сув бургути, дашт бургути, катта қўшоёқ каби ҳайвонот олами вакиллари муҳофазага олинади. Таъкидлаш жоизки, мамлакат ғарбида ноёб экотизимга эга қўриқхона яратиш фикри анчадан буён муҳокама қилинаётган эди.
Жорий йилда резерват ташкил қилиш бўйича фаол иш бошланди. Мутахассислар айтишича, Ғарбий Қозоғистон даштлари ҳудудида бугунги кунда мамлакатимизда йўқолиб бораётган 24 турдаги сут эмизувчиларнинг 9 таси яшайди. Айниқса, сайғоқларнинг Урал популяцияси хавф остида. Шу ва бошқа флора-фауна вакилларини сақлаб қолиш учун Россия билан ҳамкорликда чегараоша фаолият юритадиган табиат резервати тузиш лозим бўлади.
Айжан Скакова, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
- Гап Россия Федерацияси билан чегарадош бўлган Ғарбий Қозоғистон ҳақида кетмоқда. Волгоград вилоятида, Эльтон кўли яқинида шундай резерват ташкил қилинган. Қозоғистон томонидан бундай ишлар амалга оширилмаганди. Лекин биз буни кафолатлаганмиз. Бу ишлар Қозоғистон-Россия ўртасидаги чегараоша ҳамкорлик борасида фаолият доирасида юзага чиқарилади. Кейин эса ЮНЕСКОга мурожаат этиб, чегараоша биосфера резервати мақомини олишимиз керак. Буларнинг ҳаммаси Қозоғистонда ноёб табиий тизим сақланиб қолишига олиб келади.
Абдумалик Сарманов таржимаси