9 ойда Қозоғистон иқтисоди 4 фоизга ўсди

9 ойда Қозоғистон иқтисоди 4 фоизга ўсди

Жорий йилнинг 9 ойида Қозоғистон иқтисоди 4 фоизга ўсди. Бунга асосан нефть билан боғлиқ бўлмаган соҳаларни, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, қурилиш ва савдони ривожлантириш ҳисобига эришилди.  Бош вазир таъкидлашича, диверсификация туфайли юқори кўрсаткичлар кузатилди. Ҳукумат йиғилишида йилнинг уч чораги давомида республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари кўриб чиқилди. Макрокўрсаткичларга биноан, Алмати, Қарағанди, Қизил Ўрда, Павлодар, Туркистон, Шарқий Қозоғистон вилоятлари, Астана ва Чимкент шаҳарларида ўсиш суръатлари катта. Умумий товар айланмаси 91 миллиард доллардан ошди, унинг катта қисмини мамлакат товарларининг хорижий бозорларга экспорти ташкил этади. Ўтган ойларда нохомашё соҳаларга инвестициялар ортгани кузатилди. Алоқа соҳасида бу кўрсаткич 82 фоиз, таълимда 80 фоиз, транспортда 31 фоизга ортди. 

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

–  Ҳаммага йил охиригача асосий капиталга инвестициялар бўйича мақсадли индикаторларга эришишни таъминлаш вазифасини қўяман. Қайта ишлаш сектори, агросаноат, транспорт ва логистика, шунингдек, сув ва электр қуввати билан таъминлаш соҳаларига алоҳида эътибор берилсин. Ташқи ишлар вазирлиги инвестициялар жалб этишни фаоллаштирсин. Асосий жамғармаларни янгилашга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ва қўшимча қийматини оширишга қаратилган тадбиркорлар ташаббусларига фаол ёрдам бериш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси.