Мамлакатдаги мураккаб вазият туфайли турли мамлакатлар аэропортларида қолиб кетган қозоғистонлик сайёҳлар аста-секинлик билан ватанига қайтишмоқда. Ҳали учиб келмаганлар бор. Бироқ, мамлакатимиз ваколатхоналари улар уйга қайтишлари учун ҳар томонлама ёрдам беришмоқда. Биргина Грузиянинг ўзида ҳозиргача 300 га яқин юртдошларимиз қолиб кетган. Дипломатлар томонидан улар учун кечаю кундуз ишлайдиган «ишонч телефонлари» ташкиллаштирилди. Шунингдек, Қозоғистон-Грузия иқтисодий бирлашмаси ҳам қозоғистонлик сайёҳларга молиявий ёрдам таклиф қилди.
Ерлан Абишев: Қозоғистон Республикасининг Грузиядаги элчихонаси консули
- Грузиядан Қозоғистонга авиақатновлар тўхтатилганидан бошлаб Элчихона қозоғистонликларни ватанига қайтариш учун мавжуд барча имкониятларни ишга солаяпти, шунингдек, уларни барча зарур нарсалар билан таъминлаяпти. Бугунги кунда 300 нафар одам парвозни кутиб турибди. «Air Astana» 12 январдан Тбилисидан Алматига қатновларни тиклашни режалаштирмоқда. Қатновлар йўлга қўйилгач, биринчи навбатда самолётга аёллар билан болалар, кекса ёшдаги одамлар ва ойнинг биринчи санасига чипта олган йўловчилар чиқарилади.
Динара Избаева: Қозоғистон фуқароси:
- Биз ўз уйимиз, Ақтубега, Қозоғистонга учиб кетаяпмиз. Тбилисида учинчи январдан бери сайёҳ сифатида дам олдик. Бугун биз аэропортда муваффақиятли рўйхатдан ўтаяпмиз. Тез орада яқинларимизни кўрамиз, деган умиддамиз, шу вақтгача улар билан алоқа йўқ эди. Қозоғистонда интернет ўчирилганди. Ҳозир мамлакатда вазият барқарорлашмоқда, ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман.
Мусо Муродов таржимаси