Қозоғистонда 2030 йилгача
барча халқаро автойўлаклари модернизация қилинади. Жами 8 минг километр йўл реконструкция
қилинади. Жорий йилнинг ўзида 10 минг 700 километр йўлда қурилиш-монтаж ишлари
амалга ошириляпти. Юқоридаги суръатлар келаси йилда ҳам сақланади. Ҳукумат
йиғилишида сўзга чиққан Транспорт вазири Марат Қарабаев таъкидлашича, автойўллар
соҳасини ислоҳ қилиш ишлари мунтазам олиб борилади. Йил охиригача барча
йўлларда тегишли қоидалар тасдиқланган ҳолда ФИДИК тамойиллари жорий этилади. Бундан
ташқари, вазир таъкидлашича, келгуси йилдан 4 минг 700 километр узунликдаги
устувор лойиҳаларни рўёбга чиқариш бошланади. Бунинг учун ички ва ташқи манбалардан
маблағ жалб этилади. Вазир берган маълумотга кўра, йўлларни бир маромда тутиб
туриш учун йилига 60 миллиард тенге керак. Шуни ҳисобга олган ҳолда республика
ва маҳаллий бюджетга тушаётган юкламани имкон қадар камайтириш мақсадида республикада
пулли йўл участкалари жорий этилиши давом этади.
Марат Қарабаев , Қозоғистон
Республикаси Транспорт вазири:
- Бугунги кунда 3 минг
200 километр йўлда ҳаракатланиш учун қўшимча ҳақ тўланади. 11 ой ичида 26 миллиард
500 миллион тенге маблағ олинди. Келаси йили яна 1 минг 200 километр йўлда ҳақ
тўлаш йўлга қўйилади. 2029 йилгача реконструкция ишлари якунланиши баробарида 11
минг километр йўл учун ҳақ тўланади. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистондаги йўллар
учун тўланаётган ҳақ яқин ва узоқ хориж давлатлариникидан анча кам.
Абдумалик Сарманов таржимаси.