2027 йилда рақамли тенгега ўтилади

2027 йилда рақамли тенгега ўтилади

Қозоғистонда рақамли тенгени кенг миқёсда ишга тушириш 2027 йилга мўлжалланган. Бу ҳақда миллий рақамли валютадан фойдаланган ҳолда пулни маркалаш ва кузатиш билан боғлиқ пилот лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ҳукумат йиғилишида маълум қилинди. Умуман, бугунги кунда 257,5 миллиард тенге айланмага қўйилган. Улар ўндан ортиқ йўналишда баҳоланган. Ушбу восита автомобиль йўллари, темир йўл ва газ қувурларини барпо этишда ишлатилади. Маркалаш давлат маблағларининг мақсадли ишлатилишини самарали назорат қилишга имконият беради. Бундан ташқари, рақамли тенгедан фойдаланиш рақамли қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддатини 75 иш кунидан 5 иш кунигача қисқартирди. Тизимни кўчмас мулк олди-сотдиси, товарларни харид қилиш, агросаноат мажмуасини давлат кредитлаш соҳасида ҳам қўллаш кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонунга тузатишлар тайёрланган. Бош вазир Ўлжас Бектенов яқин муддатларда Миллий жамғарма ва бюджетдан молиялаштириладиган юзтадан кам бўлмаган йирик лойиҳани «рақамли тенге» форматига ўтказишни топширди. 

Бинур Жаленов, Қозоғистон Республикаси Миллий Банки рақамли транформация раҳбари, раис маслаҳатчиси: 

– Биз ушбу технологияни давлат харажатларининг кўп турлари бўйича қандай кенгайтиришни муҳокама қилдик. Инфратузилмавий, ижтимоий, саноат объектлари қурилиши шулар жумласидан. Ушбу механизмдан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, субсидиялар ва бошқалар учун фойдаланиш ҳам. Гап шундаки, аниқ давлат муаммоларини ҳал қилиш учун сарфланиши керак бўлган маблағлар ўша ерга кетади. Бизнес ва фуқаролар учун қулайлик нуқтаи назаридан буни шундай тартибда ташкил қиламизки, на банк сирларига таъсир қилади, на махфийликка ва на қулай ишлатишга. Рақамли тенге 2023 йилдан бошлаб жорий қилинмоқда, бугунги кунда биз пилот тартибда турибмиз. Ҳозирда рақамли тенге давлат харажатларининг турли шаклларида ишлатилишини фаоллаштирдик.  

Абдумалик Сарманов таржимаси