2024 йил охиригача 180 саноат лойиҳаси ишга тушади

2024 йил охиригача 180 саноат лойиҳаси ишга тушади

Қозоғистонда 2024 йил охиригача 180 саноат лойиҳаси ишга тушади. Уларнинг умумий қиймати - 1,4 триллион тенге. Улар тўла куч билан ишлай бошлаганида 1,8 триллион тенге қийматга эга маҳсулот чиқариши кутиляпти. Саноат ва қурилиш вазирлиги берган маълумотга кўра, улар импорт ўрнини тўлдириш ва экспорт салоҳиятини оширишга мўлжалланган. Қозоғистон бугунги кунда қора ва рангли металлар етказиб берувчи йирик мамлакатлар қаторига кирди. Жорий йилнинг дастлабки 4 ойида металлургия соҳаси экспорти 8 фоизга ошди. Бундан ташқари, мамлакатимиз стратегик муҳим минераллар бозоридаги мавқеини мустаҳкамлади. Бу борада ҳамкорликни чуқурлаштириш учун Хитой ва Корея Республикаси билан меморандумлар имзоланди. Шунингдек, Корея билан бирга лифт қуриш бўйича синов маркази бунёд этиш бўйича протокол имзоланди. Мазкур мақсадда Тонгги мусаффолик мамлакати 7,5 миллион доллар грант ажратди. Енгил саноат маҳсулотлари экспорти соҳасида ҳам ижобий динамика кузатиляпти. 2024 йилнинг 4 ойида ўсиш салкам 70 фоизга етди. Маҳсулот асосан Россия, Туркия ва Хитойда сотиляпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси