Қозоғистон ва Туркия кенгайтиррилган стратегик ҳамкорлик даражасига чиқди

Қозоғистон ва Туркия кенгайтиррилган стратегик ҳамкорлик даражасига чиқди

Қозоғистон ва Туркия президентлари музокара ўтказди. Давлат раҳбарини Анқарадаги Президент саройида тантанали кутиб олишди. Отлиқ гвардия Қосим-Жўмарт Тўқаев кортежини кузатиб борди, шахсан Ражаб Тойиб Эрдўғон пешвоз чиқди.

Давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Туркия стратегик ҳамкорлигини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқалар кўриб чиқилди.

Сўнгра икки давлат раҳбари иштирокида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилиши ўтказилди. Томонлар муносабатларни янада юқори даражага олиб чиқишга тайёрлигини кўрсатди. Ўтган йили ўзаро савдо 5 миллиард долларни ташкил қилди. Айни вақтда, Қозоғистон турк бозорига яна бир миллиард доллар қийматга эга 34 турдаги маҳсулот етказиб бера олади. Шунингдек, импорт қилинаётган товарлар ассортиментименти ҳам кенгайиши мумкин. Қосим-Жўмарт Тўқаев товар айланмасини кенгайтиришда транспорт-логистика соҳаси муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Давлат раҳбари ва Ражаб Тойиб Эрдўғон Юқори даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг 5-йиғилиши якунига кўра қўшма декларацияни ҳамда 18 та бошқа ҳужжатларни имзолади.

Анъанага кўра, давлат раҳбарлари матбуот вакиллари учун брифинг ўтказди. Қозоғистон Президенти икки давлат ўртасидаги алоқалар кенгайтирилган стратегик ҳамкорлик даражасига чиққанини таъкидлади. Бугунги кунда мамлакатда 4 мингтадан зиёд турк компанияси мавжуд. Энергетика, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмалар, тиббиёт, туризм соҳаларида 6 миллиард долларга тенг қийматдаги лойиҳалар рўёбга чиқариляпти. Туркияга киритилган Қозоғистон инвестициялари ҳажми 2,5 миллиард долларга етди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Бугунги кунда Европа ва Хитой орасида қуруқлик орқали ташилаётган юкларнинг 85 фоизи Қозоғистон орқали ўтяпти. Шунингдек, Ўрта йўлак сифатида ном қозонган Транскаспий Халқаро транспорт йўналиши ҳам фаол ривожланяпти. Ушбу ташаббус ҳар иккала давлат манфаатларига хизмат қилади. Қозоғистон темирйўл тармоғини модернизация қиляпти, автомобиль йўллари қуряпти, Каспий денгизи орқали кема қатновини фаоллаштириш учун инфратузилмаларни янгилаяпти. Турк инвесторларини бу жараёнларда фаол қатнашишга чақирамиз. Ҳукумат турк тадбиркорларига алоҳида имтиёзлар беришга тайёр.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорликда ҳам катта истиқболлар кутяпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

 - Бугунги кунда Боку – Тбилиси – Жейхан трубопроводи орқали Туркияга йилига 1,4 миллион тонна Қозоғистон нефти келтириляпти. Биз маҳсулот ҳажмини ошириш масаласини кўриб чиқдик. Turkiye Petroleum компаниясининг Қозоғистон бозорида ишлаш истагини қутлаймиз. Турк компанияларининг инвестицияларидан, энергия манбаларини диверсификациялаш, электростанциялар қуришдаги тажрибасидан фойдаланишдан манфаатдормиз. Биргаликда йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш тайёрмиз.

Томонлар қишлоқ хўжалиги, мудофаа саноати, ахборот технологиялари бўйича ҳамкорлик, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида ҳам гапирди. Давлат раҳбарлари долзарб дунё муаммоларини ҳам муҳокама қилди. Қозоғистон ва Туркия президентлари барча зиддиятларни фақат тинч йўл билан, дипломатик музокаралар воситасида ҳал қилиш масаласида якдиллигини билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев  Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг Россия - Украина зиддиятларини ҳал этишда ўйнаётган алоҳида хизматларини кўрсатиб ўтди.

Абдумалик Сарманов таржимаси