Давлат раҳбари тегишли ҳужжатни имзолади. Мамлакат бўйлаб байроқлар туширилди, кўнгилочар тадбирлар бекор қилинди. Қозоғистонликлар ҳалок бўлганлар учун аза тутмоқда. Эслатамиз, олов 14 нафар ўрмон хўжалиги ходимини ҳаётдан олиб кетди. Президент фармони билан бу ходимлар ўлимидан сўнг «Қурмет» ордени билан мукофотланди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ҳукуматга уларнинг яқинлари ва оилаларига имкон қадар ёрдам беришни топширди. Давлат раҳбари куни кеча фожиа юз берган ҳудудни кўздан кечирди, вертолётда зарар кўрган ҳудудлар устидан айланди. Ўрмон хўжалиги ходимларининг яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлик билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Тезкор штаб йиғилишини ҳам ўтказди. Ёнғин оқибатларини бартараф этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, фалокат ҳудудига яқин манзилгоҳлар аҳолиси эвакуация қилиниши ва уларга берилган ёрдам тўғрисидаги ҳисоботни тинглади. Президент бугунги кунда қурбон бермаслик асосий мақсад бўлиши лозимлигини, ёнғинни жиловлаш кераклигини таъкидлади, Ҳукумат ва ҳокимликларга керакли топшириқлар берилди. Шу жумладан, кўрилган зарар дарҳол ҳисобланиши, ҳалок бўлганларнинг оилаларига, жабрланганларга ёрдам бериш зарурлигини айтиб ўтди. Эслатамиз, Абай вилоятида 60 минг гектар ўрмонни олов қоплаган. Ҳозирда тезкор тадбирлар давом этмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, жазирама иссиқ ва шамол туфайли оловни ўчириш қийинлашган.
Абдумалик Сарманов таржимаси