1,8 миллиард долларлик шартномалар тузилди

1,8 миллиард долларлик шартномалар тузилди

Бу ферроқотишмалар, буғдой, алюминий оксиди, нефть кокси, кунгабоқар мойи, тоғ-кон саноатини ривожлантиришда муҳим бўлган ускуна ва бошқаларни етказиб бериш бўйича экспорт шартномаларидир. Бизнес-форумда икки давлат компаниялари товар айланмасини ошириши зарурлиги таъкидланди. Биргина ўтган йили у бир миллиард 400 миллион долларни ташкил қилган. Катта қисмини бизнинг маҳсулотлар экспорти ташкил этади. Кўп қисми – донли экинлар. Умуман, ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосида ўсиш 40 фоизни кўрсатган. Шу тариқа, Тожикистон дўконларида «Made in Kazakhstan» тамғаси остидаги тайёр маҳсулотлар пайдо бўлди.

ЕРБЎЛ ҚАРАШУКЕЕВ, ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ:

- Ўтган йил шуниси билан аҳамиятли бўлдики, Тожикистон Республикасига чуқур қайта ишланган маҳсулотларни етказиб беришни бошладик. Биз колбаса маҳсулотлари, музқаймоқ юборамиз, ёғ-мой саноати маҳсулотлари - сарёғ, рапс ва кунгабоқар мойи жўнатамиз.

Маҳсулотларни илгари суриш нафақат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, балки давлатга ҳам фойдали, бу кичик бизнесни равнақ топтиради. Қўшма корхоналар очилиши эса ўсиш суръатини тезлаштиради. Улгуржи-тақсимот марказларида шунинг ҳаммасини уйғунлаштириш мумкин. Тожикистонда шундай жойлар барпо этилиши бутун йил давомида Қозоғистонни сабзавот билан таъминлаш имконини беради. Бу борада ҳам келишув имзоланган.

СУЛАЙМОН ЗИЁЗАДА, ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ:

- Бундай марказлар қуриладиган бўлса, ўйлайманки, у ерда сақланадиган маҳсулотларни йил бўйи Қозоғистонга етказиб бериш мумкин. Бу қўшма корхона бўлади, яъни 50 га 50. Тожикистон Республикасининг учта вилоятида шундай марказлар бунёд этилади. Қўшни давлатлар билан қиёсласак, бизда мева-сабзавот 20 кун аввалроқ пишиб етилади. Хусусан, эртапишар пиёз ҳам.

Давлатлараро икки томонлама муносабатларни кучайтириш шунга олиб келдики, жорий йилда икки юрт ўртасидаги товар айланмаси деярли чорак фоизга ошди. Қиймати эса 197 ярим миллион долларга тенглашди.

Хуршида Абдуллаева таржимаси.