ЖХШТ солдатлари жанговар ҳаракатларда ва жангариларни йўқ қилишда қатнашмайди. Мамлакат Президенти девони раҳбарининг биринчи ўринбосари Даурен Абаев етиб келган тинчлик ўрнатувчи кучлар шахсий таркиби нима билан машғул бўлишини маълум қилди. Унинг айтишича, бу кучлар фақат қўриқлаш ишлари билан шуғулланади.
Даурен Абаев, Қозоғистон Республикаси Президенти девони раҳбарининг биринчи ўринбосари:
- Ҳурматли ватандошлар, биз ҳозир қозоғистонликларнинг мутлақ кўп қисми Алмати шаҳри ва қатор минтақаларда юз бераётган воқеалардан ташвишга тушгани ҳамда нима бўлаётганидан бехабарлигини тушуниб турибмиз. Афсуски, ҳамма кўринишларни ҳозирнинг ўзида намойиш қила олмаймиз. Маълумотларнинг катта қисми анқлик киритиш, белгилаб олиш, текшириш босқичида. Тергов органлари томонидан тасдиғини топишига кўра жамоатчиликни дарҳол хабардор қилиб бориш ниятидамиз. Шу жумладан, мамлакатнинг барча минтақаларида интернет-алоқа тикланади. Маълумки, Алматида норозилик ҳаракатлари 3 январда бошланди. Аввалига улар тинч кўринишда бўлган. Полиция ва миллий гвардия намойишчиларга қарши ўқ отмаган. Лекин кейинроқ тинч тадбир иштирокчилари овози бузғунчиларнинг куч ишлатиш ва тартибсизликларга чақириқлари остида қолиб кетди. Оломонни арматура, тўқмоқ ва Молотов коктейллари тутган безорилар ва террорчилар ўз назоратига олди. Улар талончилик қилишга киришди, ташкил этилган жангари гуруҳлар –террористлар эса қурол-яроғ магазинларига ҳужум уюштиришди, полиция ходимларининг алоқа воситалари босиб олишди. Улар профессионал иш юритишди. Биринчи навбатда маъмурий бинолар, телеканаллар офисларига ҳужум қилишди. Бир неча марта Марказий телевидение орқали жонли эфирга чиқишга ҳаракат қилишди. Икки марта чегара қўшинлари томонидан Кўктўбедаги телеминорага ҳужум қайтарилди. Террористлар аэропортни ва бир неча самолётни босиб олишди. Барча эгалланган объектларда баррикадалар ва блокпостлар ўрнатишди. Эгалланган ҳокимликнинг ҳар бир қаватида жангарилар навбатчилик қилди, кириш-чиқишни назорат этишди. Шаҳар бўйлаб энг қулай йўллар орқали ҳаракатланишди. Ўзларининг алоқа воситаларидан фойдаланишган бўлишлари эҳтимоли катта. Полиция департаменти биносига ҳужум уюштирилди. Террорчилар махсус милтиқларга эга снайперлардан фойдаланишди. Кузатиш камералари, алоқа воситалари, аудио-визуал ахборот узатиш усуналари йўқ қилинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини нишонга олишди. Ёш курсантнинг бошини кесиш ҳолати кузатилган бир воқеа аниқланди. Ҳозирча 18 нафар полиция ходими ҳалок бўлгани аниқланди. Олдинига кучлар етишмасди. Мамлакатнинг бир қанча минтақаларида кескинлик сақланиб тургани янги кучларни етказиб беришга монелик қилди. Айни вақтда оммавий погромлар, талончиликлар, аҳолини, қўриқчиларни, аёллар ва кексаларни калтаклаш ҳолатлари юз берди. ЖХШТ бўйича кўп саволлар бериляпти. Таъкидлаш лозимки, ташкилотга аъзо давлатларнинг тинчлик ўрнатувчи кучлари киритилди. ЖХШТ солдатлари жанговар ҳаракатларда қатнашмайди, жангариларни йўқ қилишда қатнашмайди. Тинчлик ўрнатиш бўйича миссияни оператив жавоб бериш кучлари фаолияти билан адаштирмаслик керак. 6 январь куни шаҳарни тозалаб чиқиш бўйича амалиётнинг жанговар қисмини Аристан, Арлан, Беркут ва мудофаа вазирлиги махсус бўлинмалари амалга оширди. Тинчлик ўрнатувчи кучлар қўриқлаш ва муҳофазалаш ишларини бажаради. Амалиёт давомида шаҳар маъмурий бинолари террористлардан тўлиқ озод этилди. Кўплаб жангарилар йўқ қилинди, қўлга олинди. Ҳозир уларнинг шахси аниқланяпти. Уларнинг экстремистик ташкилотларга аъзолиги хусусида версиялар кўриб чиқиляпти. Алматиликларни ҳаракатларини чеклашга чақирамиз, ҳозир жиноятчиларнинг қолдиқлари ахтариляпти. Мамлакатнинг барча минтақаларида тартиб-интизом тикланди. Вазият барқарорлашди. Биз барча ҳалок бўлганларнинг яқинларига, қон-қариндошларига ҳамдардлик билдирамиз. Келинглар, Қозоғистонни тинч ҳаётга қайтарайлик, деймиз.