«Жизель» балети «Астана Опера» саҳнасида

«Жизель» балети «Астана Опера» саҳнасида

Жаҳон саҳналаридан 180 йилдан буён тушмай келаётган хореография дурдонаси яна пойтахтнинг «Астана Опера» театрида. Адольф Аданнинг машҳур «Жизель» балети Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида қўйиляпти. Спектакль постановкачи хореографи – театр балет труппаси раҳбари Алтинай Асилмуратова. Унинг таъкидлашича, ушбу постановкага у алоҳида эътибор билан қараган, чунки қачонлардир ўзи ҳам Жизель партиясини ижро этган.

Алтинай Асилмуратова, «Астана Опера» театри балет труппаси бадиий раҳбари:

– «Жизель» ҳақида шундай дея оламан: мен севган спектакллардан бири. Даҳо спектакль. Бирорта ортиқчалик йўқ. Муҳаббат ҳақидаги романтик балет. Унда қизиқарли драматик партиялар кўп. Менимча, ҳар бир балерина «Жизель» каби асарда қатнашишни истайди. Чунки бу партияда ўсиш мумкин. Биринчи марта 20 ёшингизда ижро этсангиз бошқача Жизель, ҳаётий тажриба тўплаб, 30 ёшингизда рақс тушсангиз мутлақо ўзгача Жизель бўлади. Унда драматик юклама жуда катта. Ақлини йўқотиш саҳнаси турли артистлар ижросида катта фарқ қилади. Аслида ҳам шундай бўлиши керак.

Кўп қиррали Жизель образини бу сафар Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоб, «Астана Опера» театри етакчи яккахони Айгерим Бекетаева саҳнага олиб чиқди.

Айгерим Бекетаева, «Астана Опера» театри етакчи яккахони:

– У мен билан бирга ўсади, ривожланади. Бу жуда драматик спектакль. Унда турли ҳиссиётлар палитраси мавжуд. Бу образда ишқ бахтидан ақлдан озишгача бўлган ҳолатларни босиб ўтиш мумкин. Томошабин мен билан бирга шодланса ва йиғласа, ҳиссиётларимни баҳам кўрса – шунинг ўзи энг катта бахт. Уларни кўрсатиб бериш жуда оғир. Айниқса, ақлдан озиш саҳанаси жуда мураккаб. Англай олиш учун кўплаб китоблар ўқидим. Театримиздан ташқаридаги кўплаб ҳамкасбларнинг чиқишларини томоша қилдим. Буларнинг барчасини бера оламанми, деган савол мен учун жуда қизиқ бўлди. Ахир бу ҳиссиётлар жуда фарқ қилади.

Таъкидлаш жоиз, «Жизель» балети трансляциясини машҳур француз телеканали «Mezzo» ёзиб олади.

Абдумалик Сарманов таржимаси