Жамбил вилояти: тергов гуруҳи иши давом этмоқда

Жамбил вилояти: тергов гуруҳи иши давом этмоқда

Жамбил вилоятида юз берган қурол-яроғ омбори портлаши туфайли ҳалок бўлган яна уч одамнинг шахси аниқланди. Улар - минтақавий фавқулодда ҳолатлар департаменти ходимлари. Ҳалок бўлганлар: 1995 йилда туғилган катта сержант Қуатбек Гафан, 1987 йилда туғилган сержант Адлет Адилбек ва 1999 йилда туғилган оддий аскар Алибий Кенес. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Нурдилда Ўраз шуни маълум қилди. Унинг айтишича, махсус тергов-тафтиш гуруҳи воқеани ўрганишда давом этмоқда. Бундан ташқари, фалокат юз берган жойда ИИВ марказий девони ходимлари, сапёрлар ва кинологлар бригадалари ишлаяпти.

Нурдилда Ўраз, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий вакили:

- Тегишли суд экспертизалари тайинланган. Воқеа юз берган жойда сапёрлар бригадаси бор. Кинологлар қидирув ишлари билан машғул. 15 нафар ҳарбий хизматчи ва қутқарувчининг танаси топилди. Жамоат тартибини сақлаш, фалокат оқибатларини бартараф этиш учун 800 дан зиёд полиция ходими ва Миллий гвардия аскарлари жалб этилди. 113 та махсус техникадан фойдаланиляпти, уларнинг 54 таси полиция департаментига тегишли. Қолганлари бошқа давлат ташкилотларидан.

 

Мудофаа вазири истеъфога чиқди

Шунингдек, давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевнинг истеъфосини қабул қилди. Ўрнига Мурат Бектанов тайинланди. Аввал у Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи бўлган. 2016 йилда у «Шарқ» минтақавий қўмондонлик раҳбари этиб тайинланган.

Абдумалик Сарманов таржимаси