Жаҳон нефть бозори тикланмоқда ва «қора олтин» нархи ошмоқда. Мартдан бери илк марта «Brent» эталон маркаси нархи баррелига 71 долларга етди.
Экспертлар таъкидлашича, шу тариқа бозор «ОПЕК+» Вазирлар мониторинг қўмитаси қарорига муносабат билдирди. Учрашув аъзолари келишувларнинг аввалги параметрларини сақлаб қолишга қарор қилди, бунда июль ойида қазиб олиш ҳажми ошади. Картелда «қора олтин»га дунёвий талаб йил охирига бориб, пандемиягача бўлган даврдаги даражасига қайтиши кутиляпти. Прогнозларга кўра, бу ҳолат дунёнинг етакчи иқтисодиёти - АҚШ ва Хитойдаги ўсиш, Европада ёзги курорт мавсуми бошланиши, шунингдек, кўплаб давлатларда нефть тижорий захираси камайиши фонида юз бериши мумкин.
Бироқ қозоғистонлик аналитиклар фикрича, нарх баррелига 70 долларга кўтарилса-да, бу узоқ давом этмайди. Аммо ҳатто котировканинг қисқа муддатли ўсишидан ҳам Қозоғистон иқтисодиёти ютади. Бир баррель баҳоси ҳатто бир долларга ошса ҳамки, тахминан ярим миллион доллар даромадга айланиши мумкин, дейди мутахассислар.
Ўлжас Байдилдинов, нефть ва газ соҳаси эксперти:
- Пандемияга қадар бўлган кўрсаткичлар билан қиёсласак, биз, албатта, қайта тикланмадик, аммо Энергетика вазирлиги ва Республика ҳукумати позицияси туфайли биз «ОПЕК+» да яхши ўринни асраб қололдик. Россия ва Қозоғистонга қазиб олиш ҳажмини ошириш учун изн берилди. Ҳар бир баррелдан ҳар бир доллар бизнинг иқтисодиётимизга, иш жойларимизга қўшимча ёрдам. Инқирозгача бўлган кўрсаткичларга қайтганимизда, эҳтимол, келаси йили тўлиқ тикланамиз, деб ўйлайман. Ҳозирча ушбу шартнома барча аъзоларни боғлайди, биз ишлаб чиқаришни истаган ҳажмда ошира олмаймиз. Нарх омили ҳам бор. Йил охирига қадар бир баррели учун 60-70 долларни ташкил этадиган узоқ муддатли нархларни кўрганимизда, табиийки, нефтчилар сармоя кирита бошлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси