Қозоғистон инвесторлар учун жозибали. Лекин сармоядорлар бир муддат танаффус қилиши мумкин. Евроосиё Тараққиёт банки экспертлари таъкидлашича, мамлакатдаги таваккаллар туфайли аввалдан кўзда тутилган тўловлар салгина ортгани кузатилмоқда. Эслатамиз, ўтган йили Қозоғистон иқтисодиётига киритилган хорижий инвестициялар миқдори уч миллиард доллардан кўпроқ бўлди. Евроосиё Тараққиёт банки умумий портфелида Қозоғистон улуши 36 фоизни, ёки тўрт миллиард долларни ташкил қилади. Халқаро молиявий ташкилот иштирокида мамлакатда 88 та йирик лойиҳа рўёбга чиқарилди. Қозоғистонга сармоя киритиш ўсиб бориши кутиляпти.
Амангелди Исенов, Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси ўринбосари:
- Қозоғистон учун истиқболдаги инвестициялар нуқтаи-назаридан олсак, Евроосиё Тараққиёт банки режаларини ўзгартирганича йўқ. Улар ўзгартирилиши кутилмаяпти. Биз Давлат раҳбари маълум қилган, февраль ойида бўлиб ўтадиган Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши тақдим этадиган дастурни кутяпмиз. Балки баъзи ўзгаришлар киритилар, лекин уларнинг барчаси ҳукумат ва акциядоримиз ҳаракатланаётган йўналишга мос бўлади. Лойиҳалар жамланмаси шундай қолади, ўзгаришлар фақат уларни кенгайтириш борасида юз бериши мумкин.
Бундан ташқари, экспертлар таъкидлашича, бизнес кўрган зарарни қоплаш ва вазиятни барқарорлаштириш давомида Қозоғистон иқтисодиёти 2022 йилнинг уч ойлик натижаларига кўра ўса бошлайди. Аналитиклар прогнозига кўра, мамлакатда инфляция даражаси пасайиб бормоқда. Декабрга бориб бу кўрсаткич Миллий банк кўрсатган чегара: 4–6 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Ўтган йилдан жорий этилган базавий ставка кўтарилиши ва мамлакат ҳукумати кўраётган чора-тадбирлар бунга ёрдам беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси