Умуммиллий коалиция аъзоларининг минтақа бўйлаб сафари давом этяпти. Мажилис раиси Ерлан Қўшанов раҳбарлигидаги делегация Чимкент шаҳри аҳолиси билан қатор учрашувлар ўтказди. Олимлар, меҳнат жамоалари ва маданият вакилларига Асосий қонун лойиҳасининг муҳим нуқталари тушунтирилди. Янги таҳрирдаги Конституция эътибори марказида инсон, унинг меҳнати, билими ва хавфсизлиги туриши кўрсатиб ўтилди. Қуйи палата етакчиси таъкидлашича, Бош Қомуснинг асосий қадрияти – фуқаролар фаровонлиги ва мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш.
Ерлан Қўшанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси раиси:
– Олдинда кенг кўламли, тақдиримизни белгилаб берувчи воқеалар кутяпти. Лекин биз жамиятда адолат ҳукм сурган тақдирдагина янги чўққиларга кўтарила оламиз. Фақат қонун ва тартибга риоя қилган тақдирдагина қўйилган мақсадларга эришамиз. Ёшларимиз билим, илм-фан, инновациялар ва замонавий технологияларни эгаллаган тақдирдагина биз илғор давлатлар қаторига кирамиз. Бу йўлда минг йиллар давомида тўпланган тажриба, ўзига хос маданиятимизга таянамиз. Бу қадриятлар Конституцияда акс эттирилган.
Ардак Мўнтаев, Auezov University сиёсатшунослик кафедраси мудири:
– Геосиёсий беқарорлик даврида глобал бирлик ва хавфсизлик даражаси пасайди. Ушбу шароитда ҳар бир давлат ички сиёсатини ва институтларни кучайтиришга интиляпти. Давлат раҳбари таклиф этган Конституциявий ислоҳот давр талаби бўлибгина қолмай, стратегик зарурат эканлигига шубҳа йўқ.
Абдумалик Сарманов таржимаси

