Ҳукуматда «Овул – эл бешиги» дастури муҳокама қилинди

Ҳукуматда «Овул – эл бешиги» дастури муҳокама қилинди

Мамлакат бюджетидан жорий йилда «Овул эл бешиги» дастурини рўёбга чиқариш учун салкам 200 миллиард тенге ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобига 800 қишлоқда 2 минг лойиҳа рўёбга чиқарилиши режалаштирилган. Ҳукумат йиғилишида республика бош вазири Алихан Смаилов  тегишли идораларга минтақаларда аҳоли пунктларини фаол ривожлантириш ва инвестициялар жалб этишни топширди. Шу билан бирга, Ҳукумат раҳбари лойиҳани молиялаштириш йил сайин ўсиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди. Уч йил ичида Қозоғистон бюджетидан ушбу мақсадда 326 миллиард тенге маблағ йўналтирилган.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Мингдан зиёд қишлоқда 3,7 мингтадан зиёд ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмалари рўёбга чиқарилди. 33 минг иш ўрини яратилди. Павлодар, Ақтўбе ва Қизил Ўрда вилоятларида ажратилган маблағ кўнгилдагидек ўзлаштирилганини кўриб турибмиз. Лекин Алмати ва Улитау вилоятларида вазият яхши эмас.

Ҳукумат раҳбари таъкидлашича, Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, жорий йилда Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. у 2027 йилгача мўлжалланган.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Унинг доирасида «Овул – эл бешиги» дастури қишлоқ инфратузилмаларини модернизациялаш воситалари сифатида кўриляпти. 2027 йилга бориб, юқори ривожланиш салоҳиятига эга 3,5 мингта қишлоқ Минтақавий стандартлар тизими талабига олиб чиқилиши лозим. Миллий иқтисодиёт вазирлиги тегишли давлат органлари билан зарур чора-тадбирлар кўриши, Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш концепцияси индикаторларига эришилишини таъминлаши керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси