Қозоғистоннинг туркийзабон давлатлар билан савдо алоқалари ортиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида товар айланмаси 53,3 фоизга ошди ва салкам 2,8 миллиард долларга етди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир миллиард долларга кўп. Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Тўребаев Туркийзабон давлатлар кенгашининг Парламент ассамблеяси учрашувида маълум қилишича, Қозоғистон туркийзабон давлатларга 130 турдаги экспортини яна 588 миллион долларгача ошириш имкониятига эга.
"Бизда металлургия, нефть-кимё, озиқ-овқат, кимё, машинасозлик, қурилиш, енгил саноат, фармацевтика товарлари, транспорт воситалари етказиб беришни кенгайтириш имкони бор», дея таъкидлади вазир ўринбосари.
Етказиб бериш шартларини соддалаштириш ишлари амалга ошириляпти. Сўнгги ўзгаришлар оқибатида зарур ҳужжатлар ҳажми 40 фоизга қисқартирилди. Жорий йилда IT-хизматлар экспортчилари харажатларининг бир қисмини қоплаш имкони туғилди. Шу тариқа, нохомашё экспорти 1,1 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.