Буюк Британия, Швеция, Туркия, Сербия, БАА, МДҲ давлатлари... Қозоғистонда тайёрланган болаларни смартфонда дастурлашга ўргатишга мўлжалланган дастур ушбу мамлакатларнинг мактаб дастурларига киритилиши мўлжалланмоқда. Стартап ҳозир Қозоғистон шаҳарларида, Жанубий Корея, Озарбайжон ва Ўзбекистонда ишлатилаётир. Тонгги мусаффолик мамлакатида тизим 5 та мактабда жорий этилган, яна 500 та мактаб унга қўшилиш ниятида. Озарбайжонда уч мингта таълим даргоҳи навбатини кутяпти, Ўзбекистонда тизимга 10 та мактаб кирди. Лойиҳа муаллифлари таъкидлашича, технологиянинг соддалиги ва қулайлиги мухлислар кўпайишига олиб келди.
Жанадил
Талдибаев, стартап асосчиси:
– Биз дастурлаш асосларини тақдим этамиз. Бизнинг пойдевор мобил дастурлаш масаласида қулайлиги билан кўзга ташланади. Ёдингизда бўлса, авваллари ўйинларнинг барчаси компьютерда бўларди, ҳозир эса ҳатто компьютер ўйинлари ҳам смартфонга кўчириляпти. Аввал компьютерда қилинган ишларни смартфонда бажармоқдамиз. Ҳатто видео монтажи ҳам мобилография пайдо бўлгач смартфонга кўчди. Ноқулай, дейишгани билан, амалда аҳвол шундай. Бундай бўлишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз. Фойдаланувчилар учун қулайлик – бизнинг вазифаларимиз қаторида. Иловаларимизда болалар ноқулайлик сезгани йўқ. Унда ишлаш болалар учун жуда осон.
Компания тузилганига атиги икки ой бўлган. У кичик стартапдан
тўлақонли маҳсулотгача бўлган йўлни босиб ўтди. Муаллифлар маҳсулотдан катталар ҳам фойдалана олишини таъкидлайди.
Жанадил Талдибаев, стартап асосчиси:
– Компаниямиз миссияси – Ай-Ти малакаларини ҳамма ўзлаштириб олиши. Фақат дастурлашни истаётганлар, дастурчи касбини танлаганларгина эмас. Шифокор, дизайнер, меъмор, ҳатто ҳуқуқшунос ҳам буни билса зарар қилмайди. Ай-Ти технологияларининг ривожланиши, айниқса, сунъий интеллект пайдо бўлгач ҳар нарсага улгуриш учун керак, асосларни ўрганиш зарур.
Мобил иловадан ташқари робототехника ёрдамида ақлли гаджетлар
яратиш учун зарур жамламалар ҳам тайёрланди. Ўқувчилар фаолиятини назорат қилиш
ва ўқитувчилар малакасини ошириш учун махсус сайт ҳозирланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.