Савдо иқтисодий алоқалар фаол ривожланади

Савдо иқтисодий алоқалар фаол ривожланади

Нью-Йоркдаги амалий ташрифи давомида Давлат раҳбари Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор билан учрашди. Ўзаро савдо алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор берилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатимиз АҚШнинг Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий ҳамкори эканлигини таъкидлади.


Шунингдек, Қозоғистон Президенти АҚШнинг Савдо вазири Говард Латник билан инвестициявий ва иқтисодий соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда яратилган қулай инвестициявий иқлимга эътибор қаратди. Америка бизнеси учун энергетика, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, аграр соҳа ва бошқа йўналишларда қулай имкониятлар очилган. Вазир Америка Қўшма Штатлари Қозоғистон билан бирга қўшма саноат, транспорт-логистика ва инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқаришдан манфаатдорлигини маълум қилди.


Говард Латник, АҚШ Савдо вазири:


– Мамлакатларимиз ўртасижа ҳамкорлик салоҳияти ва иқтисодларни мустаҳкамлаш зарурати ўзаро савдо алоқаларини ривожлантиришда асосий ўрин тутади. Ўта муҳим минераллар каби соҳаларда улкан имкониятлар очади, биз унга қўшма инвестициялар кирита оламиз. Локомотив секторида Wabtec компаниясини танлаганингиздан миннатдормиз. Бу ҳам ўзаро алоқаларни ривожлантириш учун муҳим асос бўла олади.


Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон Президентининг Нью-Йоркка қилган ташрифи давомида Американинг Wabtec компанияси билан 4 миллиард долларга тенг шартномалар имзоланди. Уларга кўра, такомиллаштирилган 300 та юк локомотиви ишлаб чиқарилади ва уларга сервис хизмати кўрсатилади. Таъкидлаш лозимки, транспорт технологиялари бўйича пешқадам бу компания анчадан буён ҳамкорлик қиляпти. 2009 йилдан буён Астанада Wabtec Kazakhstan локомотив йиғиш заводи ишлаб турибди. Ўтган йилнинг июль ойида эса компания технологик ва муҳандислик маркази очди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев АҚШ Савдо палатаси президенти ва бош ижрочи директори Сюзанн Кларк билан музокараларда ҳам икки томонлама товар айланмасини кенгайтириш масаласини кўриб чиқди. Давлат раҳбари Америка савдо-инвестиция миссиясининг Қозоғистондаги фаолиятини маъқуллади ва мамлакат АҚШ Ҳукумати ва бизнес-ҳамжамияти билан самарали иш юритишга тайёрлигини таъкидлади. Сюзанн Кларк ўз навбатида ўзаро иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти катталигини кўрсатди.


Абдумалик Сарманов таржимаси