Евроосиё Иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларнинг ялпи
иқтисодий салоҳияти 2,6 триллион долларни ташкил қилади. Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми 98 миллиард долларга етди. Яъни, 2015
йилги кўрсаткичлардан икки марта ортди. Минск шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё Иқтисодий форуми пленар сессиясида
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, ташкилотнинг халқаро нуфузи ортиб
боряпти. У дунё иқтисодий
тизими субъектига айланяпти. Тегишли натижаларга эришиш учун эса ўзаро бирлашиб
ишлаш,
келишувларга эришиш керак. Замонавий
чорловлар иқтисодни ривожлантиришда янги ечимлардан фойдаланишни талаб қилади. «Бунда рақамли технологиялар муҳим аҳамиятга эга», деди Президент. Дунё миқёсида сунъий интеллект соҳасида рақобат кучайиб
боряпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳар қандай технологик инқилоб каби, сунъий идрок ҳам ўзига хос
чорловларни олиб келади. Технологиялардан фойдалана олишда тенгсизлик, анъанавий иш ўринларининг қисқариши, рақамли суверенитетнинг чекланиши, дунёдаги рақамли монополияларга боқимликни кўрсатиш мумкин. Яъни, ривожланишнинг юқори даражасида бўлган давлатлар
тараққиётни бошқариши, дунёнинг кўп қисми эса бир чеккага сурилиб қолиши мумкин. Назаримда, ЕОИИ бу жараёнларнинг олдинги сафларида бўлиши лозим, энг камида, орқада қолиб кетмаслиги зарур.
Қозоғистон Президенти келаси йилда Евроосиё Олий иқтисодий кенгаши раислиги доирасида йиғилишларнинг бирини
сунъий интеллектни ривожлантиришга бағишлашни таклиф қилди. У мана шу
йўналишда мамлакатда олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Қозоғистон яқинда
ҳисобюлаш қуввати ўта юқори бўлган суперкомпьютерни ишга туширади. Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил этилган. Соҳага оид қонун тайёрланяпти. Янги соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича халқаро
таълим масканлари ва илмий марказлар билан ҳамкорликка алоҳида эътибор
бериляпти. Президент мамлакатда
Москва Муҳандислик-физика институти филиали очиш масаласида берган ёрдами учун Россия раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жорий йилда Астанада Alem.AI халқаро сунъий интеллект марказии очилади. Бундан ташқари, биз CryptoCity тажриба ҳудудини
яратишга киришдик. У криптовалюта соҳасидаги дунё экспертлари тўплана оладиган марказга
айланади. Пилот лойиҳага
кўра, рақамли активлардан кенг фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқий ва технологик ечимларни
синовдан ўтказамиз. Умуман олганда, Қозоғистон ҳамкорлик қилишга тайёр ва ЕОИИ га аъзо давлатларни инновациявий кластерлар, технопарклар ва стартап-инкубаторлар билан бирга
ишлашга чақирамиз. Илмий изланишлар ва технологиялар кейинчалик даромад
келтирувчи муваффақиятли лойиҳаларга айлана олади.
Замонавий рақамли технологиялар ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожига кучли туртки беради. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича,
бу йўналишда имкониятлар жуда кўп. Энг муҳими, ташкилотга аъзо давлатлар прагматик иш тутиши керак. Қозоғистон эса иқтисодий интеграцияни янада чуқурлаштириш ниятида. «Очиқ ва ривожланган Евроосиё Иқтисодий иттифоқи барпо
этиш йўлида бирга ишлашга тайёрмиз», деди Президент.
Абдумалик Сарманов таржимаси

