Президент «Digital Bridge 2023» халқаро форумида қатнашди

Президент «Digital Bridge 2023» халқаро форумида қатнашди

Фантастика эмас, мавжудлик. Сунъий интеллект ҳамма нарсани осонлаштирди, автоматлаштирди, ўзгартириб юборди. Бу технология иқтисодий жараёнларга ҳам таъсир қиляпти. Экспертлар ҳисобига кўра, унинг улуши жаҳон ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмини ташкил қилиши мумкин. Шунинг учун сунъий интеллект Қозоғистоннинг ривожланишида муҳим омилга айлана олади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев IT-саноатининг сўнгги тенденциялари ва истиқболлари муҳокама қилинаётган Марказий Осиёдаги энг йирик Digital Bridge 2023 майдончасида нутқ сўзлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сунъий интеллектнинг ишлаш соҳаси, вазифалари ва воситаларини белгилаб берувчи стратегик ҳужжат қабул қилиш зарур. Бу илғор халқаро амалиёт, мазкур қадам мамлакатда технологик ривожланишнинг барқарор йўналишини белгилаш имконини беради. Биз энг аввало  иқтисодиётимиз учун катта аҳамиятга эга нефть-газ сектори, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистикада сунъий интеллект технологияларини жорий этишимиз зарур деб ҳисоблайман.

Янги технологик ечимлардан фойдаланарканмиз, соҳани тартибга солишни унутмаслик керак. Бунинг учун ҳуқуқий база зарур, деди Давлат раҳбари. Натижада, халқаро компаниялар жалб этилади. Президент Ҳукуматга икки йил маълумот марказлари бунёд этишни топширди. Жараёнга Amazon, Google, Mastercard ва Citigroup каби дунё ўйинчиларини таклиф этиш мумкин. Кейинги қадам: сунъий интеллект учун катта маълумотлар экотизимини яратиш.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Келгуси йилда сунъий интеллект миллий майдончаси ишга тушиши мўлжалланмоқда. У давлат ва йирик бизнесдаги маълумотларни бирлаштириши, янгиланиши ва фойдаланувчилар учун очиқлигини таъминлайди. Бу сунъий интеллект элементларидан фойдаланаётган стартапларимизга ёрдам беради, Қозоғистон ва дунёда талабга эга мутлақо янги IT ечимлар қабул қилишга олиб келади.

2025 йилгача 5G тармоқларини тўлақонли ишга тушириш, венчур капитал бозорини ривожлантириш инновацияларни ривожлантиришга туртки беради. Назарбаев университет қошидаги Ақлли тизимлар ва сунъий интеллект институти асосида тадқиқот институти тузиш керак. Унинг вазифаси - экспертларни жалб этиш нуқтасига айланган ҳолда экотизим яратиш.  

Абдумалик Сарманов таржимаси.