Пойтахт ҳокими LRT қурилиши давом этишини билдирди

Пойтахт ҳокими LRT қурилиши давом этишини билдирди

Нур-Султонда LRT линияси бўйича қурилиш ишлари давом этади. Пойтахт ҳокими Алтай Кулгинов маълум қилишича, Хитой консорциумидан иборат пудратчи ташкилот қурилиш-монтаж ишларини бошлашга ҳозирлик кўрмоқда.

Алтай Кулгинов, Нур-Султон шаҳри ҳокими:

- Ҳозир қурилиш мавсуми давом этаётганидан фойдаланиб, ишлар қайта бошлаб юборилди. Шартлар аввалги шартномаларда кўрсатилгани каби сақланиб қолди. Бизнинг хитойлик ва маҳаллий ҳамкорларимиз бор. Шартномада кўрсатилгани каби ишлар давом этяпти. Ҳозирча фаоллик кузатиляпти, дея олмайман. Маблағ келиб туша бошлаши билан иш ҳам жадаллашади. Ҳозир ташқи қарзлар, банкларни танлаб олиш, молия манбаларини аниқлаш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Сўнгра ишлар фаоллашади.

Пойтахт ҳокими таъкидлашича, лойиҳани ниҳоясига етказиш учун 1 миллиард доллар атрофида харажат қилиниши керак. Маблағ жалб этиш бўйича танлов ёз охиригача ўтказилиши кўзда тутилган.

Алтай Кулгинов брифинг давомида Шаҳар куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг таъкидлашича, юзага келган эпидемиологик вазият туфайли режалаштирилган кўплаб тадбирлар қисқарди ёки онлайн-форматга ўтказилди. Анъанавий мушакбозлик ҳам жорий йилда бекор қилинди.

Абдумалик Сарманов таржимаси