Қуйи палата депутатлари ер муносабатларига оид қонунчиликни кўриб чиқиш устида фаол ишлаяпти. Аграр масалалар бўйича Парламент Мажилиси қўмитаси раиси Ерлан Барлибаев айтишича, ҳужжат Парламентга Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг қонунчилик ташаббуси сифатида киритилган. Президент 25 февраль куни Ижтимоий ишонч миллий кенгаши йиғилишида бу ҳақда фикр билдирган:
«Халқимиз учун ер масаласи ҳамиша муҳим бўлиб келган. У давлатчилигимизнинг мустаҳкам асоси. Кўп марта хорижликларга ер сотилмаслигини айтганман. Миш-мишларга барҳам бериш зарур. Шу муносабат билан қарор қабул қилдим: қонун асосида хорижликлар ва хорижий ҳуқуқий шахсларга қишлоқ хўжалиги ерларини сотиш, ижарага беришни тақиқлашни топшираман».
Қонун лойиҳаси қатор жисмоний ва ҳуқуқий шахсларнинг қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкаларига эгалик қилиш ёки вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини чеклайди. Улар жумласига фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижий компаниялар, хорижликлар иштирокида барпо этилган маҳаллий компаниялар, хорижий ташкилотлар, шунингдек, хорижликлар иштирокида тузилган илмий марказлар киради. Бу ҳужжат юзасидан тегишли қўмита хулоса тақдим этади, сўнгра батафсил муҳокама қилиш учун палатага олиб чиқилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси