Қозоғистон Бандар-Аббос шаҳридаги Шаҳид Ражаий портида
транспорт-логистика терминали қуради. Эрон 27 йил муддатга ажратган 15 гектар
майдонда кузда қурилиш ишлари бошланади. Build-Operate-Transfer келишуви доирасида терминал икки йилда бунёд этилади, кейин 25 йил давомида фойдаланилади. Қозоғистон Ҳўрмуз бўғозининг
шимолий қирғоғида бундай иншоот қуриш имкониятига эга бўлган Марказий Осиёдаги биринчи ва ҳозирча
ягона давлат. Лойиҳа Форс кўрфази, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Шарқий
Африка мамлакатларига экспорт қилиш учун қўшимча имкониятлар очилади. Бундан ташқари,
вазирлик таъкидлашича, лойиҳа давлатлар ўртасидаги транспорт-логистика
ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади. «Шимол-Жануб»
халқаро йўлагининг транзит салоҳиятини мустаҳкамлайди.
Аман Малгаждаров, Қозоғистон
Республикаси савдо ва интеграция вазирлиги ҳузуридаги «QazTrade» савдо
сиёсатини ривожлантириш маркази ижрочи директори:
- Ҳозир бизда Кения, Жанубий Африкадан кўплаб буюртмалар,
сўровлар мавжуд. Биринчи навбатда катта экспорт салоҳиятига эга маҳсулотларни экспорт қилиш
режалаштирилган. Улар қаторида анъанавий маҳсулотларимиз: буғдой, дон, кимё саноати маҳсулотлари, металл конструкциялар, қурилиш материаллари бор. Бундан ташқари,
масалан, Яқин Шарқда қайта ишланган саноат маҳсулотлари бўйича катта салоҳият
мавжуд. Шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий маҳсулотлар, турли кукун ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Совутилган
гўшт ҳам жўнатилиши мумкин.
Терминал божхона органлари, порт хизматлари, терминал инфратузилмаси ва логистика занжирининг барча иштирокчиларини бирлаштирган ягона рақамли тизим асосида ишлайди. Лойиҳага кўра, шунингдек, жаҳон бозорида муваффақиятли қўлланилаётган сунъий интеллект технологиялари ва илғор ечимлар жорий этиш назарда тутилган.
Аман Малгаждаров, Қозоғистон
Республикаси савдо ва интеграция вазирлиги ҳузуридаги «QazTrade» савдо
сиёсатини ривожлантириш маркази ижрочи директори:
– Ўйлайманки, лойиҳа катта самара беради. Нега? Чунки расмий ҳисоб-китобларга кўра, ўзаро савдо айланмаси 400 миллион долларни ташкил этади. Биз савдо оқимини ошириш мажбуриятини олганмиз. 7-8 йил ичида терминалимиз тўлиқ ишга тушади, натижада пул оқими, савдо-иқтисодий муносабатлар бир неча баробар кенгайиши керак, деб ўйлаймиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

