Озарбайжонда Қозоғистон ёзувчилари электрон кутубхонаси

Озарбайжонда Қозоғистон ёзувчилари электрон кутубхонаси

Озарбайжон Миллий кутубхонаси қозоқ ёзувчиларининг асарларини рақамлаштирилган шаклда тақдим этади. Унда ҳозирча 45 та китоб: Жамбил ижодидан бошлаб, замонавий қаламкашлар асарларигача бор. Бир қисми озарбайжон тилига ўгирилган, бошқалари устида иш давом этяпти. Куни кеча электрон база тақдимоти бўлиб ўтди.

Низамий Мамедов-Тагисўй, фалсафа фанлари доктори:

- Мен Озарбайжонда биринчи марта қозоқ халқ қаҳрамонлик эпоси «Қўбланди ботир»нинг озарбайжонча таржимасини тақдим этдим. Унда қозоқ жирларига хос саккиз мисрали мураккаб шаклни сақлаб қолдим, бу шаклдаги таржима воситасида озарбайжон ўқувчиси қозоқ халқ достони руҳиятини чуқур англаб етиши осонроқ бўлади.

Элхан Зал Гараханли, Маҳмуд Қошғарий жамғармаси раиси:

- Бир-биримизни қардош, оға деб аташ камлик қилади. Бир-биримизни таниш учун маданиятимизни, адабиётимизни ўрганишимиз, асарларни таржима қилишимиз керак. 30 йил давомида Қошғарий жамғармаси кўплаб қозоқча асарларни озарбайжон тилига ўгирди.

Рақамли асарларни эндиликда Озарбайжон ва Қозоғистон элчихоналари сайтларидан ҳам топиш мумкин. Электрон захира ҳамма учун очиқ. Мутахассислар фикрича, мазкур лойиҳа улғайиб келаётган ёш авлод икки халқни боғловчи тарихий-маданий ришталарни чуқур ўрганиши учун яхши ришта бўла олади.

Керим Тахиров, Озарбайжон миллий кутубхонаси директори:

- Озарбайжон ва Қозоғистон китобхонлари ушбу электрон кутубхонадан бажонидил фойдаланишига ишончим комил. Китобларни дунёнинг исталган нуқтасида туриб, кўчириб олиш мумкин. Озарбайжон Миллий кутубхонаси Қозоғистоннинг энг йирик кутубхоналари билан ҳамкорлик қилади. Қозоқ адабиёти бурчаги – энг бой бўлимлардан бири. Келажакда китоблар коллекциясини бойитиш ниятидамиз. 

 

 

 Абдумалик Сарманов таржимаси.